Ссылки доступа

Донбассда ўққа тутишлар натижасида 7 нафар украиналик ҳарбий яраланди


17 май куни Донбассдаги жанговор ҳаракатлар ҳудудида ўққа тутишлар натижасида етти нафар укриналик ҳарбий яраланди. Бу ҳақда Бирлашган кучлар операцияси штаби хабар бермоқда.

Ҳарбийлар берган маълумотларга қараганда, россияпараст айримачилар ўт очишни тўхтатиш тартибини камида 60 марта, жумладан артиллерия ва миномётларни қўллаган ҳолда бузишган.

Штабда айримачилар томонидан Луганск вилояти, Попоснянск туманидаги Троицкий қишлоғи ўққа тутилгани ҳақида ҳам хабар қилишди, бунинг натижасида камида икки нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.

Айримачилар , ўз навбатида, ўт очишни тўхтатиш тартиби украиналик ҳарийлар томонидан бузилганини баён қилаяпти. “ДХР”да украиналик ҳарбийлар Донецк фильтрлаш станцияси яқинида ўт очишганини, бунинг натижасида корхона токсиз қолгани ва ўз ишини тўхтатганини хабар қилишди.

Бугун Донбассда “Пятнашка” айримачилар махсус қўшин батальонининг дала қўмондони, “Мамай” лақаби билан танилган Олег Мамиев ўлдирилгани ҳам маълум бўлди. У Авдеевка яқинида оғир яраланган эди ва операция пайтида госпиталда ўлди, деб хабар беради "Новороссия" нашри. Бу ахборотни “ДХР” айримачилари сафида жанг қилаётган россиялик ёзувчи Захар Прилепин тасдиқлади.

Донбассдаги қуролли можаро Қрим аннексия қилинганидан сўнг, 2014 йил баҳоридан бери давом этмоқда. Украина ва Ғарб Россияни айримачиларни қуролли қўллаб-қувватлашда айблаб келмоқда. Кремль бу айбловларни инкор қилаяпти. БМТ маълумотларига қараганда, низо давомида 10 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди.

XS
SM
MD
LG