Ссылки доступа

Тошкентда Орол бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади


8 июнь куни Тошкентда «Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар» мавзусида халқароконференция бўлиб ўтади.

Ўзбекистон экологик ҳаракати матбуот хизматининг маҳаллий ОАВларга маълум қилишича, конференцияни ўтказишдан кўзда тутилган мақсад Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолияти доирасида минтақа давлатларининг Оролбўйи муаммоларини ҳал этишга қаратилган амалий ҳаракатларини келишиш, Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш йўлларини муҳокама қилиш ва белгилаб олиш, шунингдек, уларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилишдан иборат.

Конференцияда Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари депутатлари, вазирлик ва идоралари раҳбарлари, хорижий мутахассислар, 20 дан ортиқ хорижий давлатларнинг етакчи мутахасслари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этади.

Конференциянинг юқори мартабали иштирокчилари орасида БМТнинг бош котибининг инсон хавфсизлиги масалалари бўйича махсус маслаҳатчиси Юкио Такасу ҳам бор. У БМТ раҳбарининг конференция иштирокчиларига табригини ўқиб эшиттиради.

Конференция иштирокчилари Оролбўйига, жумладан, Нукус, Муйноқдаги «Кемалар қабристони"га ва бошқа объектларга ташриф буюриб, ҳудуддаги экологик вазият билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлaдилар. Маҳаллий аҳоли ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилади.

XS
SM
MD
LG