Ссылки доступа

Қозоғистон ва Қирғизистон ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш ниятида


Қозоғистон бош вазири Бақитжан Сагинтаев ва унинг қирғизистонлик ҳамкасби Муҳаммадкали Абилгазиев Қирғизистон-Қозоғистон муносабатларини муҳокама қилди, дея хабар қилди маҳаллий ОАВ. Икки томонлама учрашув 31 май куни Душанбе шаҳрида МДХ давлат раҳбарларининг навбатдаги мажлисидан олдин бўлиб ўтди.

Сагинтаевнинг айтишича, "икки давлат раҳбарлари томонидан ҳукуматларга юклатилган режалар амалга оширилиши керак" ва икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга тайёр эканлигини билдирди. "Қозоғистон тарафи икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган ҳар қандай ташаббусларни қўллаб-қувватлашга доимо тайёр", - дея Сагинтаевдан иқтибос келтирди Қирғизистон Бош вазирининг матбуот хизмати.

Абилгазиев ўз навбатида Қозоғистон билан стратегик муносабатларни мустаҳкамлаш Қирғизистон ташқи сиёсатининг устивор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади. «Президентларимиз томонидан ўзаро савдо айланмасини бир миллиард долларга етказиш вазифаси топширилган. Бу бизларни ўзаро савдо айланмасини кўпайтириш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш учун шарт-шароит яратиш мақсадида янада яқинроқ ҳамкорлик қилишга ундайди», — дея баёнот берди Абилгазиев.

Ҳукумат раҳбарлари, шунингдек бош вазирлар раислигида қирғиз-қозоқ ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги еттинчи йиғилишини ўтказишга келишиб олдилар.

2017 йилнинг кузида Қозоғистон чегара назоратини кучайтирди, бу ўз навбатида Қирғизистонда Назорат ўтиш пунктларида бир неча километрлик тирбандликни келтириб чиқарди. Остона ўз қарорини контрабандага қарши кураш билан изоҳлади, ўз навбатида Бишкек ўша вақтдаги Қирзғизистон президенти Алмазбек Атамбоевнинг Қозоғистон раҳбарияти шаънига билдирган танқидий фикрларидан сўнг савдо тўсиқлари ҳақида гапирди.

Ўшанда экспертлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар совуқлашганини айтишди. Йил охирида, Сооронбай Жеенбековнинг Қирғизистон президенти этиб сайланганидан сўнг томонлар баҳсли масалаларни бартараф этишга муваффақ бўлишди.

XS
SM
MD
LG