Ссылки доступа

Назарбоев ўз партияси аъзоларини «ўғирламаслик»ка чақирди


“Нур Отан” партиясининг раиси, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўзи раҳбарлик қилаётган бу партиянинг мавқеини янада мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида баён қилди, деб хабар бермоқда маҳаллий ахборот агентликлари.

Янгиликлар агентликларининг хабарларига қараганда, Назарбоев партиянинг кенгайтирилган мажлиси давомида ўзи март ойида эълон қилган, бошқа нарсалар билан бир қаторда ипотекани арзонлаштиришни назарда тутувчи ижтимоий ташаббуслар ҳақида гапирди. Партиядошларига мурожаат қилар экан, Нурсултон Назарбоев уларни «7-20-25» уй-жой дастурига (сотиб олинаётган уй нархининг камида 20 фоизи мавжуд бўлганда, йилига 7 фоизлик ставка бўйича 25 йилга ипотека кредитлари беришни назарда тутади) ажратилган маблағларни “ўғирламаслик”ка чақирди.

«Бизда ҳалигача ҳамма туманлар ва шаҳарларда навбатлар (уйга) бор. Биронтангиз квартира учун Германияда, Францияда ёки Америкада навбат бўлганини кўрганмисиз? Бу нонсенс. Чунки давлат бепул хонадонлар бермайди. Ҳалигача менга пенсионерлар “менга квартира беринг” деб ёзишаяпти. Дастурга киришинг … Ижара уйлари бор. Қанақа навбат? — деб Назарбоевнинг сўзларини келтиради ОАВ. — Парламентга ҳам, вазирларга ҳам мурожаат қилишаяпти. Давлатда бундай қонунлар йўқ, “мана ол, квартира”, дейдиган … Ҳамма партиядошларга айтаяпман: назоратга олинг, меъёрида қилинсин, бу ерда ҳеч нарса ўғирланмасин! Токи кимга зарур бўлса, ўшанга аниқ етиб борсин».

Тадбирда таркибига мамлакатнинг барча минтақаларидан юзга яқин вакиллар кирадиган сиёсий кенгаш аъзолари билан бир қаторда, давлат органларининг раҳбарлари, партия девонининг вакиллари қатнашди.

XS
SM
MD
LG