Ссылки доступа

Тожикистон муфтийси қоидасиз жанг ва боксни «ҳаром» деб атади


Тожикистон Уламолар кенгаши раиси Саидмукаррам Абдулқодирзода спортнинг қоидасиз жанг ва бокс турларини «ҳаром», деб атади.

Абдулқодирзода Душанбе шаҳридаги марказий масжидда 1 июнь кунги жума намозидан олдин қилган маърузаси вақтида ўз қарорини спортнинг бу турлари диний нуқтаи назарда саломатликка зарар етказиши, одамларни ногирон қилиб қўйиши билан изоҳлади.

“Пул тикиб ўйналадиган ўйинларнинг барча турлари ҳаромдир”, - деган Тожикистон муфтийси.

Унинг фикрича, тожик ёшлари, жисмоний ва маънавий баркамол бўлишлари учун спортнинг «яхши» тури, масалан кураш билан шуғулланиши керак.

«Ёшлар мамлакатимиз байроғини юксакларга кўтаришлари, миллат ва мамлакатимиз обрўсини юксалтиришлари учун спортнинг мана шу каби турлари билан шуғулланишлари керак», – дея таъкидлади Абдулқодирзода.

Бокс бўйича тренер Носир Азимов 2012 йилги Лондон Олимпиадасининг бронза медали соҳиби Мавзун Чориевни мусобақаларга тайёрлаган. Унинг сўзларига қараганда, мусулмон дунёсида бокс рухсат берилган спорт тури ҳисобланади. «Эрон ва Саудия Арабистони, Покистон ва Доғистонда боксга рухсат берилган. Ҳатто 1997 йилги мусобақаларда менинг рақибим Саудия Арабистонидан эди. Араб мамлакатларида аёллар бокси тақиқланган. Эшитишимча, қоидасиз жанглар ҳаром деб эълон қилинган. Унда қоида йўқ,боксда эса қоида бор», – дейди Азимов.

Сўнгги йилларда Уламолар кенгашининг фатво ва баёнотлари кўплаб баҳсларга сабаб бўлмоқда. Масалан, яқинда, Рамазон ойи бошларида Уламолар кенгаши Роғун ГЭСи қурилишида ишловчиларга рўза тутмасликлари борасида фатво чиқарди. Ижтимоий тармоқнинг кўплаб фойдаланувчилари рўза қоидаларини бу каби талқин қилинишини илк бор эшитиб турганликларни таъкидлашди.

XS
SM
MD
LG