Ссылки доступа

Хитой барча савдо битимларидан чиқиши борасида АҚШга пўписа қилди


Хитой, агар Вашингтон Дональд Трампнинг Пекинга нисбатан янги божлар жорий қилиш ва ва бошқа чораларини ҳаётга татбиқ қилгудек бўлса, у ҳолда мамлакатлар ўртасида эришилган барча савдо ва амалий битимлардан чиқиши борасида пўписа қилди, дея хабар беради Reuters.

ХХР расмийлари якшанба куни Пекинда АҚШ савдо вазири Уилбур Росс ва ХХР Давлат кенгаши бош вазирининг ўринбосари Лю Хэ ўртасида бўлиб ўтган навбатдаги музокаралар самарасиз якунланганидан сўнг шу баёнот билан чиқди.

Шу билан бирга Хитой ТИВ матбуот котиби Хуа Чунинг баёнот бериб, АҚШ учун "мулоқот ва маслаҳатлашувлар масаласида Хитой эшиги ҳамиша очиқ" эканлигини таъкидлади.

Reuters давлатга тегишли расмий China Daily газетасига таянади. Хитой газетасининг ёзишича, "Трамп АҚШ Хитой билан иқтисодий муносабатларда адолат ва ўзаро ҳурмат бўлишига интилаётганини айтади, бироқ ҳамон у АҚШнинг иқтисодий устунликларидан фойдаланган ҳолда Хитой билан алоқаларда фойда олиш учун ҳаракат қилмоқда". Хитойдаги яна бир давлатга тегишли Global Times газетасининг бош саҳифасида ёзилишича,"музокаралар бир томонлама АҚШ манфаатларига мос келиши мумкин эмас".

АҚШ президенти бир неча бор баёнот бериб, Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасидаги савдо муносабатлари адолатсиз ва АҚШ учун фойдасиз эканлигини айтган эди.

Пекин билан келишмовчиликлар барқарорлаштирилмаган бир пайтда Америка президенти Европа Иттифоқи, Канада ва Мексикадан импорт қилинадиган пўлат ва алюминийга янги бож жорий қилди. Бунга жавобан АҚШнинг азалий иттифоқчилари бўлмиш бу мамлакатлар Америка маҳсулотларига нисбатан қўшимча тарифларни жорий этишга тайёр эканликларини билдиришди.

XS
SM
MD
LG