Ссылки доступа

Самарқандда "олтин ўғрилари" участка нозирини дўппослади


Самарқанд вилояти Пахтачи туманида бир гуруҳ шахсларнинг Навоий кон металлургия комбинатига қарашли “Қорақўтон” конидан ўғирлангани гумон қилинган олтин тошларни қўлбола тегирмонда майдалаётганига гувоҳ бўлган участка нозири дўппосланди.

Ҳодиса 31 май куни Пахтачи туманининг Тома маҳалласида рўй берди. Тома маҳалласида участка нозири Сардор Маматқулов мажбурий ижро бўлими ходимлари билан бирга электр тармоқларидан ноқонуний фойдаланаётганларни аниқлаш бўйича уйма-уй юришганида ховлилардан бирида номаълум одамлар олтин тошларни тегирмонда майдалаётгани устидан тушиб қолишган.

- Мажбурий ижрочиларга эшигини очмаяпти. Қарасак тегирмонни электр тармоғига улаб олиб шу иш билан шуғулланишяпти. Кейин қўлига темир нарсаларни олиб ташланишяпти, кейин қочиб кетишди, - дейди участка нозири.

Воқеа гувоҳи бўлган 40 ёшли Акбаржон Шомуродов участка нозирига ташланганлар “Қорақўтон” конидаги олтин тошларни ўғирловчилар бўлишини, бир кун аввал улар уни ўзига ҳам ўлим таҳдиди қилишганини айтди.

Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Ички ишлар бўлимида бу холат текширилаётгани ва изоҳ беролмасликларини айтишди.

Пахтачи туманида олтин рудаси ўғирлиги тизимли йўлга қўйилган, дейди пахтачилик Акбаржон Шомуродов.

- Одамларни тўқсон фоизи шу билан шуғулланади. Айрим хонадонларда қўлбола тегирмонлар бор, шу тегирмонда рудани майдалаб, ўзлари ясаган ювиш ускуналари орқали тилласини ажратиб олишади. Грамини 45 доллардан сотишади. Милиция ҳам билади буни, ҳокимиятдагилар ҳам. Лекин, милицияга айтиб борсангиз ўзингиз балога қоласиз, - дейди Акбаржон Шомуродов.

Қоракўтoн олтин кони махсус қўриқчилар томонидан қўриқланади. Кончиларнинг айтишича, гарчи бу ҳудуд "режимли зона" ҳисоблансада, бироқ маҳаллий ва ёлланма ишчилардан иборат ғайриқонуний гуруҳлар бемалол кон ҳудудига кириб, олтин қазийди.

XS
SM
MD
LG