Ссылки доступа

Ўзбекистонда закот ва фитрни энди мобил телефони ва Интернет орқали тўлаш мумкин


Click ширкати “Вақф” меҳр-мурувват жамғармаси билан ҳамкорликда ҳайрия, вақф, закот, фитр, ушр, фидя тўловларини Интернет ва уяли алоқа тизими орқали амалга ошириш тизимини ишга туширди, дея хабар қилишди маҳаллий ОАВлар.

Ушбу тўловлар тизим фойдаланувчилари томонидан исталган пайтда ва исталган жойдан туриб амалга оширилиши мумкин. Уларнинг хос хусусиятлари ва мақсадларига қараб ушбу тўловлар тизимда 3 тоифага ажратилган.

Ушбу категориялар бўйича қабул қилинган пул маблағлар “Вақф” хайрия жамоат фондининг махсус ҳисоб-рақамларига жойлаштирилади. “Вақф” жамғармаси диний таълим соҳасини тубдан яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олган Президент фармони билан такшил этилган.

“Ушбу имкониятнинг жорий қилиниши бу жуда ажойиб бир янгилик – Рамазон ойининг муқаддас кунларида ишга туширилиши мамлакатимиз мусулмон аҳли учун янада қувончли бўлади, деган умиддамиз”, - деб таъкидлади CLICK компаниясининг Бош директори Улуғбек Рустамов.

Click тизими – бу мобил банкинг тизими бўлиб, жисмоний шахсларга мобил телефон орқали (USSD\SMS-портал ёрдамида) ёки Интернет орқали (Web\Web-mobile воситасида) турли интернет-провайдерлар хизматлари учун тўловларни амалга ошириш имкониятини беради.

“Вақф” жамғармаси май ойида Адлия вазирлигида рўйхатга олинган эди. Мазкур жамғарма масжидларни, зиёратгоҳларни ва бошқа объектларни таъмирлаш, диний соҳа ходимларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш каби фаолият билан шуғулланади.

Исломда хайрия тўрт тармоққа бўлинади. Биринчиси эҳсон, садақа кўринишида одамларга бепул ёрдам бериш. Кейинги тармоқ – закотни мажбурий тўлаш. Учинчиси – ихтиёрий равишда, муҳтожларга фоизсиз қарз бериш. Ниҳоят, тўртинчи тармоқ –«вақф» — сарфланмайдиган мулк, қоида тариқасида, бу кўчмас мулкни абадий хайрия қилиш бўлиб, бу хайрия фаолиятининг энг яхши тури ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG