Ссылки доступа

Путин Венага ташрифи арафасида Донбассни Чеченистонга қиёслади


Владимир Путин

Россия президенти Владимир Путин Донбассдаги урушни Чеченистондаги урушга қиёслади ва Украина шарқидаги можароларга барҳам бериш учун Киев айирмачи ҳудудларга, ҳудди Москва Чеченистон республикасига бергани каби, алоҳида мақом бериши керак, деди.

Путин Венага ташрифи арафасида Австриянинг ORF телеканалига интервью берар экан аннексия қилинган Қримни Украина таркибига қайтариш имкониятларини инкор қилди. "Бу каби шароит йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас", – дея баёнот берди Россия етакчиси. У шунингдек, 2014 йилда Донбассда "Боинг" ҳалокати билан боғлиқ терговлар юзасидан ўз фикрларини билдирди, ҳамда яна бир бор халқаро тергов гуруҳининг самолёт Россиянинг "Бук" билан уриб туширилгани борасидаги хулосаларини рад қилди.

Россия ичидаги вазият ҳақида берилган саволга жавоб берар экан, Путин ўзининг ҳукмронлиги даврида мамлакатни авторитар давлатга айлантиргани борасидаги иддаоларга қўшилмади. "Бу албатта, мутлақо ҳақиқатга мос эмас, чунки биз демократик давлатмиз ва биз амалдаги Конституция доирасида яшамоқдамиз", – дея баёнот берди Путин.

У шунингдек, мамлакатни абадий бошқариш мақсадида Россияда президентлик муддатлари чекловларини бекор қилиш борасидаги таклифни “чайқовчилик” дея атади. "Мен чайқовчиликни изоҳламайман. Ўйлайманки, бу Россия Федерацияси президенти даражасида эмас", – дея баёнот берди Путин.

Владимир Путин 5 июнь куни Венага ташриф буюради ва Австрия раҳбарияти билан музокаралар олиб боради.

XS
SM
MD
LG