Ссылки доступа

Бош прокуратура Рашитжон Қодиров иши доирасида 24 шахсга айблов эълон қилинганини билдирди


5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура биносида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот брифинги ўтказилди. Маҳаллий нашрларга кўра¸ брифинг мамлакатда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси мавзусида бўлган.

Расмий баëнотга кўра¸ Қодиров иши доирасида жами 24 шахсга нисбатан айблов эълон қилинган ва улардан 21 нафари ҳибсга олинган.

Маҳаллий нашрлар Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мансур Ўроловнинг қуйидаги баëнотини иқтибос келтирди.

«Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан собиқ бош прокурор лавозимида ишлаган Рашиджон Қодировга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёнида собиқ бош прокурор томонидан пора эвазига лавозимга тайинлаш, пора олиш ва бошқа жиноят аломатлари аниқланган. Ҳозирда 24 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилинган. Шулардан 21 нафарига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳолатлари ҳануз давом этмоқда. Тергов якунлари бўйича албатта ОАВга албатта маълумот берилади».

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров 2018 йил 22 февраль куни ҳибсга олинган. Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура мулозимларига кўра, Қодиров Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

20 март куни Қодиров иши доирасида бир куннинг ўзида 25 шахснинг қўлга олингани¸ сўроқдан сўнг улар айримларининг тилхат билан чиқарилгани¸ аксариятининг эса¸ ҳибсга олинганини хабар қилинган эди.

Қодиров иши тафсилотларидан хабардор манбалар¸ собиқ Бош прокурорнинг ҳибсхонада юқори даражали ҳукумат амалдорлари¸ қолаверса хорижга қочиб кетган ўз ўғли Алишер Қодировга қарши кўрсатма бераëтганини билдирган. 66 яшар Рашитжон Қодиров 2000 йилдан бошлаб 15 йил давомида Ўзбекистон бош прокурори вазифасида ишлаган.

Унинг 39 ёшли ўғли Алишербек Қодиров Ички ишлар вазирлиги тарафидан 2018 йилнинг 5 март куни халқаро қидирувга берилган. Алишербек Қодировга нисбатан Жиноят Кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) ва 168-моддасида (“Фирибгарлик”) кўзда тутилган жиноятларда гумонланмоқда. Ота ва ўғилга қарши олиб борилаётган тергов амалиёти давомида ҳозирга қадар улардан жабр кўрганлардан умумий қиймати ярим миллиард АҚШ долларига тенг даъво аризалари олинган.

XS
SM
MD
LG