Ссылки доступа

Тожикистон мамлакатга кираётган муҳожирлар тиббий кўрикдан ўтказилишини таклиф қилмоқда


Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги, Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлиги аэропорт, темир йўл бекатлари ва чегара Назорат ўтиш пунктларида тиббий текширув пунктлари ташкил этилиши лозимлигини таъкидламоқда.

Бу ҳақда ТР Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлигининг халқаро муносабатлар ва жамоатчилик билан алоқалар Бошқармасининг бошлиғи Усмонали Латифи маълум қилди.

Вазирликнинг фикрича, муҳожирлар керакли тарзда тиббий кўрикдан ўтказилганларидан кейингина мамлакатга киришлари керак. Фақат шу йўл билангина манбаи меҳнат муҳожирлари бўлган юқумли касалликлар, жумладан ОИВ, сил касалликларининг тарқалишини олдини олиш мумкин экан. Амалдорнинг айтишича тиббий кўрикдан ўтиш бепул бўлади.​

2000 йилдан бошлаб Тожикистонда аёллар ўртасида ОИВга чалинганлар сони орта бошлади. Тадқиқотларга кўра, асосан улар Россияда меҳнат муҳожирлигидан қайтган эрларидан ОИВ-инфекциясини юқтириб олишади. Масалан, 2012 йилда ОИВнинг салбий кўринишидан ижобий кўринишига 1100 аёл ўтгани аниқланди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, айни дамда мамлакатда 7 мингдан ортиқ киши ОИВга чалинган. Беморларнинг 14,9% фоизини меҳнат муҳожирлари ташкил қилади.

Таниқли тожик шифокори, Москвада истиқомат қилувчи Абдулло Давлатовнинг айтишича, мамлакатга кирувчи мигрантларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши “тўғри қарордир”. Бироқ Абдулло Давлатовнинг фикрича, аэропорт, темир йўл бекатларида ва НЎПларда тиббий кўрикхоналарнинг ташкил қилиниши мураккаб иш ҳамда анча куч ва маблағни талаб қилади.

XS
SM
MD
LG