Ссылки доступа

Жээнбеков Хитойга электромобилларни Қирғизистонда ишлаб чиқаришни таклиф қилди


Қирғизистон президенти Сооронбой Жээнбеков 6 июнь куни, Хитой раиси Си Цзиньпин билан Пекиндаги учрашуви чоғида Хитой томонига Қирғизистонда электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича қўшма завод очиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди.

У Хитой электромобилларини ишлаб чиқариш ҳамда Марказий Осиё ва Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилиш учун Қирғизистон плацдарм бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

«Ҳамкорликнинг ушбу йўналишини сизнинг “Бир камар - бир йўл” ташаббусингиз доирасида амалга ошириш имонияти нуқтаи назаридан истиқболли деб ҳисоблайман», - деб Жээнбековнинг сўзларини иқтибос келтиради президент девони.

Қирғизистон ҳозирги кунда автомобиллар ишлаб чиқармайди. Мамлакатга автотранспортнинг катта қисми Япония, Европа мамлакатлари, Россия ва АҚШдан олиб кирилмоқда.

Жээнбеков 6 июндан 9 июнгача Хитойда давлат ташрифи билан бўлади. Кейин Қирғизистон президенти ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг 2018 йил 9-10 июнга режалаштирилган навбатдаги мажлисида қатнашиш учун Циндаога учиб кетади.

Ташриф доирасида давлат раҳбарининг ХХР Давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян ва ХХР халқ вакиллари бутунхитой мажлиси доимий қўмитасининг раиси Ли Чжаньшу билан учрашувлари ҳам режалаштирилмоқда. Бу музокаралар давомида хитой-қирғиз муносабатлари ва ҳамкорлигининг ҳамма жиҳатлари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG