Ссылки доступа

Ўзбекистонда коллеж ўқувчисининг уриб ўлдирилгани бўйича терговнинг адолатсиз бораëтгани айтилмоқда


Наманган вилояти Тўрақўрғон туманининг Шаханд агроиқтисодиёт коллежининг 2-босқич ўқувчилари томонидан уриб ўлдирилган 3- босқич ўқувчиси 19 яшар Абдуғаффор Алижоновнинг ўлимида асосий айбдор очиқда қолиб, бошқалар ҳибсга олинган.

Бу иддаони марҳумнинг яқинлари¸ айни пайтда тергов ҳаракатларида иштирок этаётган мулозимлардан бири маълум қилди.

Абдуғаффор Алижонов 1 июнь куни коллеж биноси олдида калтаклаб ўлдирилган эди.

Тўрақўрғон Ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозимига кўра¸ Абдуғаффор Алижоновни уриб ўлдирганликда гумонланиб Шаханд агроиқтисодиёт коллежининг 2-босқичида ўқийдиган беш нафар талаба ҳибсга олинган. 17 ва 18 ëшдаги бу болалар устидан жиноят иши очилган ва улар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” бандида кўзда тутилган (қасддан баданга оғир шикаст етказиш, д) жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса, - саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) жиноятни содир этганликда айбланмоқда.

Мазкур жиноий иш юзасидан тергов ҳаракатларида иштирок этаётган шахснинг айтишича¸ тергов Абдуғаффор Алижонов ўлими билан тугаган жанжалнинг асосий сабабчисини очиқда қолдириб, унинг кейинги қатнашчиларини ҳибсга олган.

“Коллежнинг 2-босқич ўқувчиси А. жанжалнинг асосий сабабчиси. У болaларни йиғиб келган. Абдуғаффорга биринчи зарбани ҳам А. берган. Кейин қолган болалар уни ўртага уришган. Лекин жанжалнинг асосий сабабчиси А. очиқда қолмоқда. Чунки у обрўли, бой-бадавлат шахснинг ўғли. Унга нисбатан ҳеч қандай айблов ҳам қўйилмаган, ватинча сақлаш изоляторига ҳам олинмаган”, дейди тергов ҳаракатларида иштирок этаётган шахс.

Айни манба, жиноятда гумонланаётган 18 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан тергов давомида қийноқ қўлланилаётганини ҳам иддао қилди.

“Дастлабки тергов фақат ана шу жанжалда иштирок этган болаларнинг суриштирув давомида олинган гапларига қараб қурилаяпти. Бу болалардан икки сутка давомида қўлларига кишан солинган ва батареяларга боғланган ҳолатида кўрсатма олинди. Болаларни бир-бирларига қарши қайраб ўзларига исталган кўрсатма олишга ҳаракат қилинди. Бу ҳолатни болаларнинг ўзлари айтиб бераяпти. Воқеага бевосита гувоҳ бўлган одамлардан кўргазма олинмаяпти”, деди тергов ҳаракатларида иштирок этаётган шахслардан бири.

Марҳумнинг отаси Тоҳиржон Алижонов ҳам ўғлининг ўлимига сабаб бўлган жанжал ташкилотчиси очиқда юрганини кўрганидан сўнг, терговни бошқа вилоят ёки туман терговчилари олиб боришини сўраб президентга мактуб ёзганини айтади.

“У гуруҳда ўнтача бола бўлган. Мен воқеани ўз кўзи билан кўрган гувоҳ билан гаплашдим. Уч-тўрттаси ўртага олиб уриб, тепади экан, қолганлари атрофида девор ҳосил қилиб бошқаларни келгани қўймас экан. Бу жиноий гуруҳ бўлмасдан, нима? Лекин нега унинг асосий каттаси очиқда юрибди, нега унинг устидан жиноят иши қўзғатилмаяпти? Лекин одилона иш борилмаётганига чидаб туролмаяпман, президентимизга хат ёздим, чунки у киши доим адолат бўлсин, деб айтадилар”, дейди Тоҳиржон Алижонов.

XS
SM
MD
LG