Можаро натижасида қирғизистонлик чегарачилар уч нафар тожикистонлик чегарачини ушлаб, ҳавога қарата ўқ отган ҳолда, уларни ўзлари билан олиб кетишди. Қирғизистон чегара хизмати хабарига кўра, тожик чегарачилари “ўзларини тажовузкорона тутишган”.
7 июнь куни Қирғизистон чегара муассасасининг хабар қилишича, амалий учрашувда Боткен ва Сўғд йўналиши бўйича чегара вакиллари, бошқарма идоралари бошлиқлари, шунингдек ҳар икки томоннинг ҳарбий прокуратураси вакиллари иштирок этди. Қирғизистон делегациясига Давлат Чегара хизмати раиси полковник Уларбек Шаршеев раҳбарлик қилди. Тожикистон Чегара делегациясига МХДҚ раисининг ўринбосари, Чегара қўшинлари қўмондони генерал-полковник Ражабали Раҳмонали бошчилик қилди.
«Делегациялар раҳбарлари қўшма профилактика чораларини, қирғиз-тожик давлат чегарасида низоларни олдини олиш ва бартараф этиш масалаларини муҳокама қилдилар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига, икки томонлама Битимларга, шунингдек, ҳукуматлараро ва идоралараро протоколлар талабларига сўзсиз риоя этилиши лозимлигини таъкидладилар», - дейилади хабарда.
Чегара ҳодисаларида қурол ишлатиш мутлақо тақиқланади, фақат чегарачиларнинг ҳаёти ва саломатлиги хавф остида қолганда бу мустаснодир. Шу билан бирга ҳарбий хизматчилар ўз давлатларининг миллий қонунларига қатъиян риоя этишлари керак. Чегара бўлинмаларининг бошлиқлари давлат чегарасида можаролар юзага келгудек бўлса, Қирғизистон ва Тожикистон чегара вакиллари келмагунга қадар бирор бир фаол ҳаракат қилмаслик борасида келишиб олишди. Бундан ташқари икки мамлакати чегарачилари чегара ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида тушунтириш - профилактика ишларини кучайтиришлари керак.
Тожикистон Чегара қўшинлари бош бошқармаси матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаевнинг 7 июнь куни айтишича, амалий учрашув бугун ҳам давом этмоқда. Сўғд вилоят ҳукумати икки мамлакат чегара идоралари вакилларнинг амалий учрашувини “умидбахш” дея аташди.
Ўз номини ошкор қилишни истаган учрашув иштирокчиларидан бирининг айтишича, томонлардан бирортаси ҳам юз берган ҳодисада ўз айбини тан олмади, аммо ҳодиса диққат билан ўрганилишига ваъда беришди. Унинг айтишича, қирғиз чегарачилари томонидан қўлга олинган тожик чегарачилари айни дамда Сўғд вилоят ҳарбий прокуратураси томонидан сўроқ қилинмоқда.