Ссылки доступа

Туркманистон миграция қонунларини бузган туркманистонликларга амнистия беришга тайёр


Туркманистон ҳукумати мамлакат миграция қонунларини бузган фуқароларга амнистия бериш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу каби чоралар мамлакат ташқарисида бўлган ва ўз вақтида биометрик паспорт ололмаган туркманистонлик мигрантларга нисбатан қўлланилади.

“Озодлик” радиоси манбаларининг 6 июнь куни маълум қилишларича, агарда мигрантлар ўз хоҳишлари билан ватанга қайтиб келгудек бўлсалар, улар бутунлай жавобгарликдан озод қилинадилар. Суҳбатдошларнинг сўзларига қараганда, республика вилоятларида миграция хизмати ходимлари хавфсизлик идораларининг ходимлари билан бу масалада аҳоли ўртасида учрашувлар ўтказмоқда.

Маълумки, 2013 йилда муомалага киритилган биометрик паспорт Туркманистон фуқаросининг мамлакатдан чиқиб кетиш ва яна қайтиб мамлакатга кириш ҳуқуқини берадиган ягона ҳужжат ҳисобланади. Унга қадар бу мақсадлар учун биометрик маълумотлар бўлмаган оддий паспорт ишлатиларди, эндиликда бу паспортдан фақат мамлакатнинг ичкарисидагина фойдаланилади.

Биометрик паспорт қўлланила бошлаган даврда кўплаб туркманистонликлар бошқа мамлакатларда, асосан Туркияда эди. Турли сабабларга кўра улар ўз вақтида биометрик паспорт олишмаган. Масалан, улар Туркманистонга келсалар мамлакатдан чиқиб кетишларига йўл қўйилмаслигидан хавфсираб юртларига қайтишмаган ва шу тариқа биометрик паспорт олишмаган. Туркманистон қонунларига кўра, биометрик паспортларни чет элдаги Туркманистон консулхоналарида олиш мумкинлиги кўрсатилган бўлишига қарамай, амалда паспортни Туркманистон ташқарисида олишнинг имкони йўқ.

6 июнь куни “Озодлик”нинг Туркманистондаги идоралардан биридаги манбасининг маълум қилишича, «мамлакат ташқарисида бўлган ҳолда миграция қонунларини бузган туркманистонликларни умумий амнистия қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда». «Бу меҳнат миграциясига кетган туркманистонликларни юртга қайтариш йўлидаги чораларнинг бир қисмдир», - деди вазият билан бевосита таниш бўлган суҳбатдошимиз.

XS
SM
MD
LG