Ссылки доступа

Тожикистонда юқори лавозимли амалдорнинг ўғли рафиқасини ўлдиргани учун ҳибсга олинди


Тожикистон ички ишлар вазирлиги мамлакат Олий иқтисодий судининг собиқ котиби Бобожон Ширинов собиқ рафиқасини ўлдирганликда гумон қилиниб ҳибсга олинганини маълум қилди.

Қотиллик 6 июн куни кечқурун пойтахтдаги Сино тумани ҳудудида юз берди. «22.40 да шаҳар шифохонасига пичоқланиш оқибатида олган жароҳатлари билан 33-ёшли Моҳира Ятимова олиб келинди, у олган жароҳатлари туфайли вафот этди».

Тожикистон ҳуқуқ тартибот идораларидаги манбанинг Радио Озоди (“Озодлик” радиосининг тожик хизмати)га айтишича, Бобожон Ширинов отасининг талаби билан маҳаллий милиция бўлимига келган ва юзага келган низо оқибатида собиқ рафиқаси Моҳира Ятимовага оғир тан жароҳати етказганини айтган.

Бобожон Ширинов –Тожикистон давлат молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш Агентлиги директорининг собиқ ўринбосари, генерал Ражабали Шириновнинг ўғли. 2015 йилнинг февралида президент Эмомали Раҳмон мамлакат Хавфсизлик Кенгаши мажлисида Коррупцияга қарши кураш идораси фаолиятини кескин танқид қилган эди. Шундан сўнг кўп ўтмай Агентликда кадрлар ўзгариши юз берди, жумладан генерал Ражабали Ширинов мансабидан айрилди.

ТР ички ишлар вазирлигидаги манбанинг айтишича, Бобожон Ширинов ва Моҳира Ятимова икки йил муқаддам ажрашишган. «Собиқ эр-хотин фарзанд ва мол-мулк масаласида доимо низолашар эдилар. 6 июнь куни кечқурун навбатдаги жанжал вақтида Бобожон Ширинов собиқ рафиқасига пичоқ билан ҳужум қилади ва қочиб кетади», дейди манба.

XS
SM
MD
LG