Ссылки доступа

Остонадан Хитойда ҳибсга олинган қозоқларнинг озод қилинишида ёрдам бериши сўралмоқда (видео)


Олмаотада Хитойда ҳибсга олинган этник қозоқнинг қариндошлари баёнот бериб, унинг хавфсизлиги ва саломатлигидан хавотирга тушаётганларини айтиб, унинг озод қилинишида ёрдам сўраб Қозоғистон ҳукуматига мурожаат қилдилар. Учрашув Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хитойга ташрифи фонида бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон бюросида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ертай Султанбекнинг қариндошлари у 25 май куни ушлангани ва шундан бери у ҳақда маълумот йўқлигини айтишди. Унинг акаси Женисбек Султанбекнинг айтишича, Ертай Султанбек сўнгги бор қариндошлари билан мулоқотда “Элбошидан мактуб олгани туфайли” ҳибсга олинганини айтган. Елбоши — бу Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга бириктирилган расмий мақом.

Матбуот анжуманида иштирок этган фуқаролар фаоли Серикжан Биляш баёнот бериб, Ертай Султанбекнинг ушланиши ҳақиқатан ҳам президент Назарбоев номи билан боғлиқ, деди. Биляшнинг айтишича, «шоир, композитор ва ўқитувчи» Ертай Султанбек 2007 йилда Нурсултон Назарбоевга «Нұрағаның монологы» («Нуроғанинг монологи») деб номланган поэмасини тақдим қилган, асарнинг айрим қисмлари Қозоғистондаги республика газеталарида эълон қилинган. Фаолнинг сўзларига қараганда, 2008 йилда президент мазкур поэма муаллифига миннадорчилик мактубини юборган.

Матбуот анжумани иштирокчиларининг айтишларича, президент Назарбоевнинг Хитойга ташрифи вақтида журналистлар билан ўтказилаётган учрашувнинг мақсади ҳукумат эътиборини Хитойда ушлаб турилган Ертай Султанбекнинг хавфсизлиги ва саломатлигига қаратишдан иборат. Уларнинг фикрича, Хитойдаги “сиёсий қайта тарбиялаш маркази”да ушлаб турилган Ертай Султанбек у ердан тирик чиқмаслиги мумкин. Улар Султанбекнинг бирор бир диний экстремизм билан алоқасини рад қилишмоқда.

Бу фуқароларнинг Қозоғистон расмийларига Хитойдаги “сиёсий қайта тарбиялаш марказлари”да ушлаб турилган қариндошларини озод қилишда ёрдам беришларини сўраб қилган биринчи мурожаатлари эмас. Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, вазирликка Хитойнинг 177 нафар фуқаросидан ариза келиб тушган, улар Хитойдан Қозоғистондаги қариндошлариникига кела олмаётганларидан шикоят қилишган, бу каби мурожаатлар келишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG