Ссылки доступа

Назарбоевнинг умрбод Хавфсизлик Кенгашига раҳбарлик қилиши Конституцияга “мос” дея тан олинди


Қозоғистон Конституциявий Кенгаши Қозоғистоннинг биринчи ва ҳозирча ягона президенти бўлмиш Нурсултон Назарбоевнинг умрбод Хавфсизлик Кенгашига раҳбарлик қилиш имкониятини берувчи қонун лойиҳасини Конституцияга “мос” дея атади.

Бу борадаги хабар Конституциявий кенгашнинг расмий сайтида 28 июнь куни эълон қилинди.

Хабарда таъкидланишича, Конституциявий Кенгаш Қозоғистон президентининг парламент томонидан маъқулланган қонунчиликка киритилган ўзгартиш Конституцияга мос келиши ёки келмаслиги борасидаги мурожаатидан сўнг ўз хулосасини берди. Президент мурожаати қачон келиб тушгани борасида изоҳ берилмаган. Расмий матбуотда ҳам Назарбоев Хавфсизлик кенгаши тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича мурожаат йўллагани ҳақида маълумот берилмаган.

31 май куни Қозоғистон парламентининг сенати президент Нурсултон Назарбоевга умрбод Қозоғистон Хавфсизлик Кенгашига раислик қилиш ҳуқуқини берувчи қонунга киритилган ўзгартишларни маъқуллади. Парламент томонидан маъқулланган қонун лойиҳаси Хавфсизлик Кенгаши мақомини — консультатив-маслаҳат органидан конституцион органга айлантиришни кўзда тутган.

Киритилган ўзгартиш, биринчи президент ва “миллат етакчиси” мақомига эга бўлмиш Нурсултон Назарбоевга нафақат Хавфсизлик Кенгашининг умрбод раиси бўлишига, балки янги президентнинг Хавфсизлик Кенгаши раиси олдида ҳисоб беришини ҳам юклайди.

XS
SM
MD
LG