Ссылки доступа

Туркманистон расмийлари йўлдош антенналарга қарши курашни қайта бошлади


Азатлиқ (“Озодлик” радиосининг туркман хизмати) мухбирларининг хабарларига қараганда қишлоқ жойларида оммавий равишда телевизион тарелкалари йўқ қилинмоқда.

Туркманистон расмийлари фуқароларнинг ўз ҳисобларидан ўрнатилган йўлдош антенналарини яна йўқ қилиш фаолиятини фаол бошлади. “Озодлик” мухбирларининг сўзларига қараганда, бу гал қишлоқ жойларида телевизион тарелкалар оммавий равишда йўқ қилинмоқда. Шу билан бирга маҳаллий ҳукумат расмийлари аҳоли ўртасида антенналарни қайтадан ўрнатмаслик борасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

"Ўтган ҳафтада Дашўғиз вилояти ва туманлари маъмуриятлари бюджет муассасалари раҳбарлари иштирокидамажлис ўтказишди ва уларнинг ходимларидан хорижий телеканалларни томоша қилмаслик, йўлдош антенналар қўймаслик, шунингдек ўрнатилган барча антенналарни йўқ қилишни таъминлаш талаб қилинди", - дея 28 июнь куни хабар берди “Озодлик”нинг Туркманистондаги мухбири.

Бундан аввал йўлдош антенналар пойтахт ва йирик шаҳарлардаги турар жой биноларидан йўқ қилинган эди.

“Озодлик” суҳбатдошларининг сўзларига қараганда, мамлакат аҳолиси асосан Россия телевидениеси ва турк телеканалларини кўради, чегара минтақалари аҳолиси ўртасида эса ўзбек, қозоқ ва озарбайжон телевидениеси машҳур. Йўлдош антенналар орқали хорижий радиостанциялар, жумладан “Озодлик” радиосининг дастурларини тинглаш мумкин.

Туркманистонда 7 телеканал ва 4 радиостанция фаолият юритиб, бевосита Туркманистон телевидение, радиоэшиттиришлар ва кинематография Давлат қўмитасига бўйсинади.

XS
SM
MD
LG