Ссылки доступа

Туркманистонда фермерлар давлатнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож


Лебоп ва Дашўғуз вилоятларидаги деҳқонлар қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш учун давлатдан зарур ёрдамни ўз вақтида оломаяптилар. Азатлиқ Радиосининг Туркманистондаги мухбирлари билан суҳбатлашган вилоятлар аҳолиси қишлоқ хўжалик секторидаги муаммолар ҳақида гапириб берди.

"Бу йил пахта етиштириш учун ҳеч қандай минераллар беришмади. Июль келиб қолди, лекин пахта етиштираётган ижарачилар ижарадаги ерлар учун минерал ўғитлар олишолмаяпти",- деб хабар бермоқда Азатлиқ Радиосининг мухбири, маҳаллий аҳолининг гапларига таяниб.

Унинг сўзларига қараганда, бугунги кунда Дашўғуз вилоятининг ҳамма туманларида далага ишлов бериш учун зарур бўлган қишлоқ хўжалик техникаси етишмаяпти. Вилоят ҳудудида ижарачилар пахта далаларини суғоришда ҳам қийинчиликларга дуч келаяпти.

"Муддатидан олдин экилган пахта сув етишмаслиги туфайли қуриб қолаяпти. Эккандан 40 кун кейин минераллар солиш, суғориш керак. Ҳозир 70 кунлик пахтанинг ўсиши зўрға 9-10 сантиметрга етаяпти", - деди дашўғузлик агроном.

"Ҳозирги вақтда атраплардаги мулозимлар юзлаб гектар ерларни ва барча қишлоқ хўжалик маҳсулотларини эгаллаб олган ва минерал ўғитлардан биринчи навбатда ўзларининг ижара участкаларида фойдаланишмоқда. Шундай қилиб, оддий ижарачи деҳқонлар ҳар йили ҳеч нарсасиз қолиб кетишаяпти. Вилоят ва атрап мулозимлари вақтида минерал ўғитлар ва техникани ўз вақтида бермай, ижарачиларни ўз ерларидан ихтиёран воз кечишга мажбур қилишмоқда. Мулозимлар барча ерларни ўз назоратлари остига олишга уринишаяпти", - дейишди ўнлаб ижарачилар Азатлиқ мухбири билан бўлган суҳбатда.

Туркманистонда буғдой ва пахта экиш ва ҳослини йиғиб олиш вақти, шунингдек, ижарачилар қандай экинлар экиши зарурлиги, кўп йиллардан буён, давлат раҳбари даражасида ҳал қилинмоқда. Давлат режаси бажарилмаган ҳолларда мулозимларга ҳайфсан эълон қилинади, уларнинг баъзилари лавозимидан озод қилинади.

XS
SM
MD
LG