Ссылки доступа

Евроиттифоқ етакчилари миграция сиёсати борасида келишиб олишди


Европа Итифоқи мамлакатларининг раҳбарлари Брюсселда бўлиб ўтган саммитда қочқинларни қабул қилиб олиш масаласида ягона сиёсат борасида келишиб олишди. Бу ҳақда 29 июнь куни эрталаб твиттерда Европа Кенгаши раиси Дональд Туск маълум қилди.

Бундан аввал якуний ҳужжатни инкор қилган Италия бош вазири Жузеппе Конте салкам ўн соат давом этган музокаралардан сўнг келишувга имзо қўйишга рози бўлди. Якуний келишувга биноан ЕИ мамлакатлари кўнгилли равишда муҳожирларни қабул қилади, аъзо давлатлар ўртасида қочқинларни тақсимлаш кўзда тутилмайди.

Маълумки, миграция сиёсатини ислоҳ қилиниши Италия томонидан талаб қилинган эди. Амалдаги қоидаларга кўра, мигрантлар учун маъсулият уларни Европа Иттифоқи ҳудудига кириб келиши билан рўйхатга олган мамлакат ўз зиммасига тушади. Шу сабабли Жанубий Европа мамлакатлари ўз зиммаларига катта маъсулият олмоқда. 11 июнь куни Италия Ўрта ер денгизида қутқарилган мигрантлар тушган кемани қабул қилишдан воз кечди. Франция ва Испания раҳбарлари бу қарорни танқид қилди. Франция президенти Эммануэл Макроннинг сўзларига қараганда, ЕИдаги миграция инқирози сиёсий инқирозгача етиб борди.

Келишув имзоланганидан сўнг Макрон баёнот бериб, Европа узоқ вақт мобайнида миграция босими остида яшашга мажбур бўлишини айтди. ЕИ мамлакатлари Европа қадриятларига содиқ қолган ҳолда бу чақириққа қарши туришга улгуришлари керак. Макроннинг "Бугун Европа мамлакатлари ўртасидаги бирдамлик ғалаба қозонди", — деган сўзларни Reuters иқтибос келтирди.

Брюсселдаги дипломатик доираларнинг маълум қилишича, Европа Иттифоқи раҳбарлари Украина шарқидаги можаролар масаласида олдинга силжишлар кузатилмаётгани боис Россияга нисбатан санкцияларни узайтиришга ҳам келишиб олдилар. Бундан аввал қабул қилинган жазо чоралари 31 июлга қадар амал қилади.

XS
SM
MD
LG