Ссылки доступа

Тожикистонда йирик ёнғиндан сўнг бозор ходимларига нисбатан жиноий иш очилди


Тергов идоралари «Султони Кабир» бозорининг уч нафар масъул ходимига нисбатан айблов эълон қилди, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Терговчиларга кўра, бу бозорда 2 июнь куни ёнғин чиқишининг сабабларидан бири мазкур шахсларнинг ўз вазифаларига “совуққонлик билан қараганидадир”.

Ёнғин вақтида бир нечта омбор ва 21 савдо нуқтаси ёниб кетди, умумий зарар 3,5 млн. сомони ёки 390 минг долларни ташкил қилди.

Душанбе шаҳар Ёнғинга қарши кураш хизмати Бошқармасининг ўз исмини ошкор қилмаган ходимининг 30 июнь куни айтишича, сўроқ ва ёнғин сабаблари ўрганилганидан сўнг бозорнинг уч нафар масъул ходимига нисбатан “Эҳтиётсизлик туфайли мулкни йўқ қилиш ёки зарар етказиш” моддаси бўйича жиноий иш очилди. Жиноий иш судга ошириладиган бўлса у ҳолда улар Ҳисоб кўрсаткичларининг беш юз баробаридан минг баробаригача (12 500 сомони) жаримага тортилишлари ёки икки йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишларига жалб қилинишлари ёки худди шу муддатгача озодликдан маҳрум қилинишлари мумкин.

Тергов сирига таянган ҳолда манба ёнғин учун айбланаётганларнинг исми шарифини айтишдан воз кечди, бироқ уларнинг уччаласи ҳам бозор ёнғинга қарши кураш ва электрлаштириш бўлимида ишлашини таъкидлаб ўтди. «Бир неча ой муқаддам ёнғинга қарши кураш хизмати ходимлари «Султони Кабир» бозорининг ёнғин хавфсизлигини текшириб чиқишган эди, текширишлар натижасида маъмурий материаллар тузилган ва мазкур шахслар камчиликларни бартараф этиши юзасидан огоҳлантирилган эди. Бироқ улар ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлишди ва кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этишмади, бу ўз навбатида ёнғин сабабларидан бири бўлди», - дейди манба.

Ёнғинга қарши хизматнинг бу вакилининг айтишича, масъул ходимларга қарши қўйилаётган айбовларнинг асоси шундаки, улар ўз вақтида ёнғин юз берган бинога қувват етказиб берадиган асосий электр тармоқни ўчирмаган. Эндиликда уларнинг айбини суд исботлаши керак.

Ёнғин салкам 30 нафар тадбиркорга зиён етказди ва уларни оғир молиявий аҳволга тушириб қўйди. “Султони Кабир” бозорининг директори Султон Кабировнинг баёнот беришича, бозорда ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ чоралар кучайтирилди ва бозорда махсус ёнғинга қарши кураш бошқармаси тузиладиган бўлди.

XS
SM
MD
LG