Ссылки доступа

Қирғизистондан Қозоғистонга экстрадиция қилинган фаол Тунгишбаев икки ой муддатга ҳибсга олинди


Қирғизистондан Қозоғистонга экстрадиция қилинган Остона томонидан мамлакатда фаолияти тақиқлаган “Қозоғистон Демократик танлови”(ҚДТ) ҳаракатига алоқаси бор деб айтилаётган фаол ва блогер Тунгишбаев тергов вақтида икки ой муддатга ҳибсга олинди, дея хабар берди унинг адвокати Гулнара Жуаспаева.

- Терговчининг сўзларига қараганда, у Тунгишбаевни уй қамоғида сақлаш учун ҳужжат тайёрлаган. Олмали туман суди судьяси Джарилгасова Тунгишбаевни уй қамоғида ушлаб туриш учун қарор чиқарди. Бироқ прокуратура норозилик билдирди ва шаҳар судига тақдим қилди. Шаҳар суди Муратбек Тунгишбаевни икки ой муддатга ҳибсга олиш борасида қарор чиқарди. Ҳар икки суд бир кунда бўлиб ўтди, - дейди Гулнара Жуаспаева.

Унинг айтишича, иш бўйича ҳужжатларни Facebook'даги ўзининг саҳифасига жойлаштиради. Олмаота ички ишлар департаментидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Бундан аввал Қирғизистон бош прокуратурасининг Тунгишбаевни экстрадиция қилиш борасидаги аризасини кўриб чиққан Бишкекда бўлиб ўтган суд мажлисида иштирок этган фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячилари баёнот бериб, Қозоғистон томони судга Тунгишбаевни жиноят кодексининг фақат битта моддаси –суднинг қонуний ҳукми билан экстремизм ёки терроризм билан шуғуллангани боис фаолияти тақиқланган ёки йўқ қилиниши керак бўлган жамоат ёки диний бирлашмада иштироки бўйича жавобгарликка тортишга ваъда берганини айтишган эди. Адвокат Жуаспаеванинг сўзларига қараганда, терговчи Кантарбаев ҳимоясидаги шахс битта модда бўйича гумон қилинаётганини айтган.

Жуаспаеванинг айтишича, Муратбек Тунгишбаев айни дамда Олмаотадаги Си-18 изоляторида ушлаб турилибди. Адвокат у билан душанба куни учрашишни режалаштирган.

Қирғизистон Тунгишбаевни 26 июнь куни Қозоғистонга топширди. Адвокатларнинг Қирғизистон бош прокуратураси томонидан чиқарилган экстрадиция борасидаги қарори устидан берган аризалари самара бермади. Халқаро Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилоти Бишкекка мурожаат қилиб, Тунгишбаевни ватанига топширмасликка чақирди. Ташкилот баёнотига қараганда Қозоғистонда Тунгишбаев қийноқларга солиниши ва сиёсий таъқиб қилиниши мумкин экан.

Сўнгги вақтларда Бишкекда истиқомат қилиб келаётган Тунгишбаевни Қозоғистон расмийлари хорижда истиқомат қилувчи собиқ банкир ва Қозоғистон расмийларининг ашаддий танқидчиси бўлмиш Мухтар Аблязов томонидан ташкил этилган Қозоғистон демократик танлови ҳаракатига алоқаси борликда гумон қилади. Шу йилнинг март ойида Остона суди ҚДТни экстремист ташкилот дея эълон қилди. Тунгишбаевнинг ўзи эса ҚДТга алоқаси йўқлигини айтиб фуқаролик фаоллиги учун таъқиб қилинаётганини таъкидлаб келади.

XS
SM
MD
LG