Ссылки доступа

Бердимуҳамедов Мирзиёевни августда Ашхободга таклиф қилди


Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов телефон орқали мулоқотда бўлди, дея хабар берди Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати.

«Туркманистон Президентининг Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, транспорт йўлаклари ва энергетик инфратузилмани ривожлантириш, сувдан оқилона фойдаланиш, спортни оммалаштириш борасида ва бошқа йўналишлардаги халқаро миқёсдаги ташаббусларига юксак баҳо берилди», – дейилади матбуот хизмати хабарида.

Туркманистон Президентининг жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширган самарали давлат ташрифи ҳамда унинг якунида эришилган муҳим келишувлар ва битимлар кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигига янги суръат бахш этиб, уни амалий мазмун билан бойитгани таъкидланди.

Суҳбат чоғида савдо, ишлаб чиқариш кооперацияси, энергетика соҳалари, самарали транспорт ва транзит коммуникацияларини ривожлантириш, шунингдек, маданий-гуманитар йўналиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Туркманистон Президенти ўзбекистонлик ҳамкасбини жорий йил август ойида Ашхободда бўлиб ўтадиган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг саммитида иштирок этишга таклиф қилди.

XS
SM
MD
LG