Ссылки доступа

Прокуратура Гулнора Каримова пуллари бўйича музокаралар давом этаётганини билдирди


Ўзбекистон Бош прокуратураси марҳум президент Ислом Каримовнинг қизи - шу кунда ҳибсда сақланаётган Гулнора Каримовага тегишли пулларни қайтариш бўйича ҳамкорлик бораётганини тасдиқлади.

Маҳаллий нашрларга маълумот берган Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонова Швейцария прокуратураси билан музокаралар ҳали якунланмаганини билдирган.

"Бу масала ҳозирча Швейцария прокуратура органлари билан ҳамкорлик асосида ечилмоқда. Масала ҳал бўлиши билан, албатта, расмий баёнот берамиз", деди Бош прокуратура матбуот котиби.

2017 йилнинг 28 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова ишига оид тафсилотларни жамоатчиликка очиқлаган. Унга кўра¸ Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Г.Каримова айбланаётган жиноятларни содир этишда айбдор, деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.​

Аввалроқ, швейцариялик уч адвокатнинг Гулнора Каримова билан 21-22 июнь кунлари бевосита учрашуви ҳақида хабар қилинган эди.

Швейцариядаги банкларда Г. Каримовага тегишли, дея музлатиб қўйилган маблағ миқдори қарийб 810 миллион АҚШ долларига тенг экани айтилади. 18 июнь куни Швейцария матбуоти прокуратура бу маблағнинг 686.7 миллионини тезликда Тошкентга қайтаришни сўраб, ордер берганини хабар қилган.

XS
SM
MD
LG