Ссылки доступа

Ўзбекистонда МИБ 15 йил аввал ўлган одамга қарзини тўлаш ҳақида огоҳлантириш жўнатди


Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Мажбурий ижро бюроси Дукат МФЙда яшаган Марҳабат Эшматова номига электр ва газдан қарзи борлиги ҳақида огоҳлантириш хати юборди. Марҳабат Эшматова яқинларидан бирининг айтишича, унинг аммаси бундан 15 йил муқаддам вафот этган.

Тўрақўрғон тумани МИБ давлат ижрочиси Фарҳод Қаюмовнинг имзоси билан Марҳабат Эшматова номига юборилган огоҳлантириш мактубида ундан зудлик билан МИБга келиб, қарзини тўлаш талаб қилинади. Тўланадиган қарз миқдори 86120 сўм (тахминан 11 доллар)ни ташкил қилган.

Марҳабат Эшматова қариндошларидан бирининг айтишича, унинг аммаси бундан 15 йил олдин вафот қилган. “Раҳматли аммам касал бўлиб, 2003 йилда қазо қилган эди. Ундан икки йил аввал эри вафот қилган. Учта қизини биз тарбиялаб олганмиз. Уйлари сотилиб, бошқа одамнинг номига ўтиб кетган. Лекин, орадан ўн беш йил ўтганидан кейин мана бу хатни олиб келиб ўтиришибди. МИбга бориб айтсак, ҳа озгина экан тўлаб қўяверинглар, деб айтди”, дейди суҳбатдош.

Унинг айтишича, МИБ ходимлари қарздорлар шахсини аниқламай, уларнинг яшаш жойига аниқлик киритмай кўр-кўрона қарз ёзиб ташламоқда. “Мажбурий ижро бюросининг ўз базаси бор. Ижро ҳаракатларини юритишда аввал қарздорнинг яшаш жойидан маълумотнома олиши ва ана шу асосда қарздорлик юзасидан иш олиб борилиши керак. Қарздорнинг шахсини аниқламасдан туриб қандай қилиб унга нисбатан қарздорлик белгилаш мумкин?”, дейди марҳума қариндоши.

Ўзини таништиришни истамаган МИБ мулозими, англашилмовчилик бўлган бўлиши мумкинлигини айтар экан, бошқа маълумот беришдан бош тортди.

Мажбурий ижро бюроси президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 майдаги фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида ташкил этилган. МИБ энергия ресурслари учун тўловларнинг тўлиқлиги ва уларнинг ўз вақтида тўланиши учун масъулдир.

XS
SM
MD
LG