Ссылки доступа

Қирғизистонда барча давлат хизматчиларининг декларацияси диққат билан текширилади


Президент Сооронбай Жээнбеков Хавфсизлик Кенгаши котибияти ходимлари иштирокида навбатдаги амалий мажлис ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари маъмуриятининг ахборот сиёсати бўлими маълум қилди.

Тарқатилган матбуот хабарида таъкидланишича, Сооронбай Жээнбеков 2018 йилнинг 1 июлидан декларация кампанияси бошланганини эслатиб ўтди ва барча давлат хизматчиларининг даромад ва харажатлари тўғрисидаги декларация бирор бир истеъсноларсиз диққат билан текширилишини таъкидлади.

«Амалдаги коррупция схемаси бўйича ҳар бир вазирлик ва идорани, ҳар бир амалдорни текширинг. Яна бир бор такрорлайман —коррупцияга қарши кураш мансаб ва амалидан қатъий назар шафқатсиз бўлиши керак. Фуқоролар коррупцияни бартараф этиш йўлида аниқ қадамларни кутишмоқда», — дейилади матбуот хизмати иқтибос келтирган президент сўзида.

Хавфсизлик Кенгаши котиби Дамир Сагинбаевнинг сўзларига қараганда, декларация топширган барча хизматчилар текширилади. Унинг айтишича, «декларацияларни текширишни тартибга солувчи барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар шакллантирилган». «Ҳукумат томонидан бу декларацияларни текшириш механизмларини белгиловчи тегишли қарор қабул қилинди. Биринчи навбатда сиёсий амалларни эгаллаб турган шахсларнинг, жумладан президент маъмурияти, ҳукумат ва Жоғорку Кенеш ходимларининг декларациялари текширилади», — дея таъкидлади Дамир Сагинбаев, дея хабар беради давлат раҳбари маъмурияти.

Бу текширувларнинг илк натижалари 2018 йилнинг сентябрь–октябрь ойларида эълон қилиниши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG