Ссылки доступа

Қирғизистон Олий судининг уч нафар ҳаками жиноят иши иштирокчиларига айланди


ҚР Бош прокуратураси уч нафар ҳакамга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида 2 июль куни хабар қилди. Олий суд девони ва Бишкек шаҳар 1-тергов ҳибсхонасининг мансабдор шахсларига нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилди.

Бош прокуратура вакили Жарқиной Азиева “улар фуқаронинг конституциявий ҳуқуқларини бузиш ҳамда уни ноқонуний равишда ҳибсда сақлашда айбланаётгани”ни хабар қилди:

-О.Т.га нисбатан жиноят иши доирасида бошқа жойга кетиб қолмаслик тўғрисидагитилхат кўринишидаги эҳтиёт чораси танланганлиги аниқланди. 2017 йил 25 август куни жиноят иши туман суди томонидан кўриб чиқилиши давомида, О.Т. судга келмагани муносабати билан, унга нисбатан эҳтиёт чораси, у ушланган пайтдан бошлаб, бир ой муддатга ҳибсга олишга ўзгартирилди. Кўрсатилган қарор иккинчи инстанция суди томонидан ўз кучида қолдирилди. Юқорида кўрсатилган қарор устидан О.Т. назорат тартибида ҚР Олий судига шикоят қилди. 2018 йил 6 апрель куни О.Т.нинг назорат тартибидаги шикояти, жиноят иши билан бирга, Олий судга келиб тушди, лекин у ерда қонунда белгиланган 15 кунлик муддат ичида кўриб чиқилмади.

Ўз навбатида, 1-тергов ҳибсхонасининг мансабдор шахслари, ўз лавозим мажбуриятларини бажармасдан, О.Т.ни озод қилмасдан, 12 кун давомида уни ноқонуний равишда ҳибсда сақлашди. Назорат тартибидаги шикоятнинг ўзи Олий суд томонидан фақат 2018 йил 14 майда, яъни О.Т. озод этилганидан сўнг кўриб чиқилди. Шундай қилиб, юқорида кўрсатилган мансабдор шахсларнинг ҳуқуққа зид ҳаракатлари натижасида О.Т.нинг эркинлик ҳуқуқи бузилган.

Шу ахборот эълон қилинганидан кейин, Бош прокуратуранинг матбуот хабарномасида О.Т. исми-шарифи остида фуқаролик фаоли, кўриш қобилияти бўйича ногирон бўлган Темирлан Ўрмуқов назарда тутилганлиги маълум бўлди. “Азатлиқ”га берган интервьюда у буни тасдиқлади, лекин бунда судьялар устидан Олий судга шикоят қилмаганини ва ўзининг ҳибсда сақлангани муносабати билан бошқа шахсларга даъвоси борлигини айтди.

- Шунга қадар менга Бош прокуратурадан терговчи қўнғироқ қилди ва ариза ёзиш-ёзмаслигимни сўради, мен рад қилдим. Улар мени “тергов ҳибсхонасида ноқонуний сақланган” дейишаяпти. Лекин мени у ёққа ким ўтқазди? Мени у ерга Олий суд судьялари жойлаштиргани йўқ-ку. Улар мени туман судининг ноқонуний қарори билан ўтқазишди. Мен Олий суд судьяларини кўрганим йўқ. Адолат ҳаққи-ҳурмати мен буни айтишим керак. Темирлан Ўрмуқов прокуратура унинг ишидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.

Темирлан Ўрмуқов қамоққа олиш тўғрисидаги туман судининг қарори устидан унинг назорат тартибидаги шикоятини Олий суднинг Качиқ Эсенқанов, Қанибек Боқоев ва Арзибек Ақиев таркибидаги ҳайъати кўриб чиққанини қўшимча қилди. Шу муносабат билан, айнан шу судьялар жиноят иши иштирокчилари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бош прокуратурада ҳозирча судьяларнинг фамилияларини ошкор қилишмаяпти.

XS
SM
MD
LG