Ссылки доступа

Тожикистон мамлакатда ишлаб чиқарилган цемент сотувини назоратга олмоқда


Тожикистондаги бир нечта цемент заводларига эгалик қилувчи Хитойнинг «Хауксин» компаниясига бундан кейин тожик цементини Ўзбекистонга Тожикистон савдо уйи орқали сотиш юклатилди.

Шу кунга қадар компания ўз билганича Ўзбекистонга цемент сотарди, бироқ чегаралар очилгани ва виза масаласи ҳал бўлганидан сўнг, Тожикистон бу жараённи ўз назоратига олишга қарор қилди.

Ўзбекистондаги Тожикистон Савдо уйи директори Ҳамрохон Ғаниевнинг 2 июль куни айтишича, улар барча цемент ишлаб чиқарувчиларга мурожаат қилиб маҳсулотларни Тожикистон савдо уйи орқали экспорт қилинишини талаб қилишган. Бундан аввал «Хуаксин» компанияси ўзининг ҳамкори бўлмиш “Гаюр” компаниясининг илтимосига қарамай цемент маҳсулотларини ўз билганича сотган ва барча даромадларни ўзига олиб қолган.

​«Биз бу масала бўйича Хитой томони билан музокаралар олиб бордик. Улар баёнот бериб Ўзбекистон билан 2017 йилда ҳали Тожикистон савдо уйи бўлмаганда шартнома имзолаганларини, шу сабабли ҳозир бу шартномани буза олмасликларини айтишди. Шартномаларнинг амал қилиш муддати – 2018 йилнинг декабригача. Биз бундан кейин шартнома муддати узайтирилмаслигини ва цемент маҳсулотлари Тожикистоннинг Тошкентдаги савдо уйи орқали сотилиши лозимлигини сўрадик», - дейди Ҳамрохон Ғаниев.

Унинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон билан чегаралар очилганидан сўнг цемент экспорти бир неча бор ошган. Йил охирига қадар экспорт ҳажми 500 минг тоннадан ошиб кетади. «Тожикистонда цемент нархи жуда ҳам паст, аммо сифати юқори. Биз Қирғизистондан ҳам, Қозоғистондан ҳам цемент олиб келамиз. Бироқ тожик цементининг сифати ички бозорда рақобатбардошдир», - дейди суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG