Ссылки доступа

Хорижда таълим олаётган туркман талабаларини чақимчиликка ундашмоқда


“Туркманистон муқобил янгиликлари” нашрининг маълум қилишича, хорижда таълим олиб ёзги таътил учун уйга қайтган туркман талабаларини хавфсизлик идораларига “суҳбат”га таклиф қилишмоқда, у ерда улардан бошқа талабалар ҳақида маълумот беришга ундашмоқда.

“Озодлик” билан суҳбатлашган талабалар бу каби вазият билан таътил ёки бошқа сабаблар билан ҳар гал уйга қайтганларида тўқнаш келишларини тасдиқлашди.

Айни дамда Туркиядаги аспирантурада таълим олаётган, ўзини Омон деб таништирган туркманистонликнинг айтишича, ўзи ва танишлар ҳар гал ватанга қайтганларида шу каби вазият билан тўқнаш келадилар.

"Туркияда таълим олувчилар орасида элчихона томонидан тайинланган махсус одамлар бор. Улар қўмитага талабалар ҳаёти ва ётоқхоналардаги вазиятлар ҳақида маълумот бериб туришади. Туркияда таълим олувчилар элчихона томонидан тайинланган одамлар ҳақида билишади, шу сабабли эҳтиёт бўлиб юришади", - дейди Омон.

Омон ўтган гал Туркманистонда бўлганида ўзини хавфсизлик хизмати идорасига чақирганлари борасида айтади.

"Биз ҳозир сендан ўзимизни қизиқтирган масалалар бўйича сўраймиз, фақат сен тўғрисини айтишинг керак. Чунки биз барибир ҳаммасини билиб оламиз. Фақат биз сенинг “ватанпарвар” эканлигини билмоқчимиз холос. Ким билан алоқа қиласан? Сен ижарада турасанми ёки ётоқхонада яшайсанми? Туркманистонлик талабалардан кимларни биласан ва улар ҳақида маълумот бера оласанми? Талабаларга ёрдам берадиган ҳомий ёки жамғармаларни биласанми? Бошқа мамлакатларнинг сиёсий ташкилотлари билан қандай алоқангиз бор? Ижтимоий тармоқларга қизиқасанми ва у ерга ёзасанми? Туркманистондаги вазият ҳақида медиага маълумот берувчи ёки бу хақда ижтимоий тармоқларда ёзувчи талабаларни биласизми? Агар сен Ватан ва ўз халқингни севсанг бу борадаги ахбротларни биз билан ўртоқлашишинг керак. Акс ҳолда сенинг оиланг Туркманистонда ташвишсиз яшай олмайди? Туркиядаги ўқишдан сўнг биз билан қўмитада ишлашинг мумкин, дейишади", - дейди “Озодлик” билан суҳбатда туркманистонлик талаба Омон.

Туркманистон хавфсизлик хизматининг ўз номини ошкор қилмаслик шарти билан “Озодлик” билан суҳбатлашган айрим ходимларининг айтишларича, суҳбатга фақат диний ташкилотлар билан алоқаси бўлган талабаларгина чақирилади, улардан бошқа бирор бир маълумот олишга эҳтиёж йўқ.

XS
SM
MD
LG