Ссылки доступа

Ўзбекистондаги болалар уйларида видеокамералар ўрнатилади


Марғилондаги меҳрибонлик уйида ва Тошкент вилоятидаги мактаб-интернетда содир бўлган воқеалардан сўнг мамлакатнинг барча болалар уйларида видеокузатув камералари ўрнатилади. Бу ҳақда Бош прокуратурага таяниб маҳаллий нашрлар хабар қилди.

«Бу, албатта, жуда ёмон ҳолат. Прокуратура бу икки ишни алоҳида назоратга олган. Бундан ташқари, Республикадаги барча болалар уйлари ва интернатларда назорат кучайтирилди. Расмий текширишлар бошланди, дея олмайман, аммо юқори ташкилотлар бундай муассасаларга эътиборни кучайтиришди»,- дея изоҳ берди Бош прокуратура Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Сурайё Раҳмонова.

Айни дамда бошқа болалар муассасаларини текшириш ишлари ҳам бошланган. Ташкилот вакилининг таъкидлашича, текширувлар натижасида бу каби ҳолатлар аниқланмаган.

Аввалроқ Ўзбекистондаги ОАВ Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 78-ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг мансабдор шахслари бола йўқолганини яшириш ва 16 ёшга тўлмаган баъзи тарбияланувчилар номаълум шахслар томонидан ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиниши учун шароит яратиб берганида айбланаётганини хабар қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил декабрда Марғилондаги 1-сонли меҳрибонлик уйи раҳбарияти ва ходимлари давлат ва халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган маблағларни талон-тарож қилишда айбланаётгани, шунингдек, тарбияланувчиларга нисбатан жинсий ва жисмоний зўравонлик ишлатишда гумон қилинаётгани ҳақида хабар берилганди.

XS
SM
MD
LG