Ссылки доступа

ОАВ: Афғонистон чегарасидаги отишмада 25га яқин туркман аскари ҳалок бўлди


“Озодлик” радиоси мухбирлари туркман-афғон чегарасида бўлиб ўтган отишма оқибатида 25 нафарга яқин туркман аскарининг ҳалок бўлгани хақида хабар тарқатди.

“Озодлик”да тарқатилган хабардан сўнг ҳукуматга қарашли медиа нашрлар бу хабарларни инкор қилди.

Туркманистондаги “Озодлик” мухбирининг хабарига кўра, тахминан уч ҳафталар аввал Афғонистоннинг Бадгис вилояти билан чегарадаги Туркманистоннинг Мари-Серхетабат (собиқ Гушги) - Тагтабазар участкасида юз берган отишма оқибатида 25 нафарга яқин туркман аскари ҳалок бўлган. Афғонистоннинг Багдис вилояти Туркманистоннинг Мари вилояти билан чегарадош.

Мухбирларнинг сўзларига қараганда, ҳалок бўлганларнинг жасадлари темир тобутларга солиниб қариндошларига берилган. Ҳалок бўлган аскарларнинг уч нафари Балқон вилояти, қолганлари Тошўғиз вилоятидан бўлган. “Озодлик” радиосининг мухбирига тошғузлик аскарларнинг исми шарифи маълум, бироқ хавфсизлик нуқтаи назаридан уларнинг исми шарифи эълон қилинмайди.

“Озодлик”ка маълум бўлишича, Афғонистон томонидан гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланувчи бир гуруҳ қуролли кишиларнинг туркман аскарларига қарата ўқ отганидан сўнг икки ўртада отишма бошланиб кетган.

“Чегаранинг Афғонистон томонидан ноқонуний гиёҳванд моддалар олиб ўтишга [гумон қилинганлар] уринган шахслар ўт очди ва 3 нафар туркман аскарини ўлдирди. Шундан сўнг гарнизон ҳарбийлари тревога эълон қилди ва қарши ҳужумга ўтди. 6 соат давом этган отишма натижасида гиёҳванд моддалар олиб ўтишга уринганликда гумон қилинганлар томонида ўнлаб аскарлар яраланди ва 25 нафар туркман аскари ўлдирилди”, - дея хабар берди “Озодлик” мухбири. Унинг айтишича, Туркманистон хавфсизлик хизмати ҳалок бўлган аскарларнинг қариндошларига юз берган ҳодиса ҳақида “оғиз очмасликни” буюрди.

Туркман-афғон чегарасида юз берган отишма ҳақида расмий маълумот ва баёнот берилмади, шунингдек Туркманистон расмийлари ҳалок бўлган туркман аскарлари ҳақида ҳам маълумот бермади. Афғонистон томонидан ҳам ҳодиса ҳақида расмий баёнот берилмади.

“Озодлик” радиосининг сайтида туркман тилида материал эълон қилинганидан кейин Туркманистоннинг ҳукуматга қарашли Turkmenportal ахборот сайтида раддия эълон қилинди.

XS
SM
MD
LG