Ссылки доступа

РСЕ/РС президенти Том Кент: "Россия расмийлари фаолиятимизга тўсқинлик қилмоқда"


Россия Адлия вазирлигининг даъво аризаси бўйича Москва шаҳридаги Твер туман Муроса судьяси 5 июль куни “Озод Европа/Озодлик радиоси” медиакорпорациясига 100 минг рубл миқдорида жарима белгилади.

Жарима “хорижий агент функциясини бажараётган ноҳукумат ташкилотининг мажбуриятига биноан давлат идораларига молиявий маълумот тақдим қилмагани учун” солинди.

Суд жараёнида РСЕ/РС​ юристи ​корпорация берилган муддатда ҳужжатларни топшира олмаслигини тушунтирди, чунки бир неча бор мурожаатларга қарамай Россия Адлия вазирлиги ҳужжатларни тўлдиришнинг аниқ тартиби юзасидан тушунтириш бермаган, хорижий агент бўлмиш ОАВ учун ҳисоботлар тартиби қонун бўйича кўрсатилган муддат ўтиб кетганидан сўнг кучга кирган. Медиакорпорация раҳбарияти суд қарорига ҳуқуқий муносабат билдиришнинг вариантларини кўриб чиқмоқда.

РСЕ/РС президенти Том Кентнинг баёнот беришича, “ОАВ-хорижий агентлар тўғрисида”ги қонуннинг медиакорпорацияга қарши қўлланилиши унинг Москвадаги ваколатхонаси ва Россиядаги ходимларига нисбатан таъқибларга сабаб бўлиши ва уларнинг фаолияти жиддий хавф остида қолиши мумкин. РСЕ/РСга қарши суд жараёнлари – Россия расмийларининг медиакорпорация фаолиятига халақит беришининг яна бир уриниши ва унинг журналистларига қарши шубҳа уйғотиш кампаниясининг бошланишидир, дейди Кент.

РСЕ/РС президентининг фикрича, ўтган йилнинг декабрида кучга кирган "ОАВ – хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун аввалбошданоқ сиёсий мақсадларни ўз олдига қўйган эди: "Россияда фаолият юритувчи барча хорижий ОАВлари орасидан фақат АҚШ Конгресси грантлари асосида молиялаштириладиган ОАВларгагина “хорижий агент” мақоми берилди".

Россия вакиллари бир неча бор баёнот бериб, “ОАВ-хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун Америка томонидан RT телеканалини “хорижий агент” сифатидла рўйхатга олиш борасида қабул қилинган қонунига нисбатан “жавоб чораси” эканлигини айтиб келишади. РСЕ/РС раҳбарияти RT телеканали АҚШда фаолият юритаётгани сингари медиокорпорация ҳам Россияда фаолият юритадиган бўлса, бу каби фаолиятни олқишлашларини айтиб келишади. RT АҚШнинг барча ҳудудларида куну тун кабел тармоқларида ўз дастурларини намойиш қилади, бироқ Россияда хорижий теле ва радио дастурларнинг кабел тармоғидан фойдаланиши чекланган.

Адлия вазирлиги томонидан хорижий агент мақоми берилган оммавий ахборот воситалари тўғрисида эълон қилинган рўйхатда "Америка овози", Озод Европа/Озодлик Радиоси, “Озодлик” радиоси рус хизматининг "Фактограф" ва "Сибирь.Реалии" медиалойиҳалари, "Настоящее время" телеканали ва бошқалар бор.​

Озод Европа/Озодлик Радиоси – нотижорат медиакорпорация бўлиб, АҚШ Конгресси тақдим қилган грантлар ҳисобидан молиялаштирилади, ўз ахборотларини турли платформаларда (Интернет, радио, телевидение, видео) Шарқий ва Жанубий-Шарқий Европа, Кавказ, Марказий Осиё ва Яқин Шарқдаги 23та мамлакатлар аудиторияси учун 25 тилда тақдим қилади. “Озодлик” радиосининг Рус хизмати ўз фаолиятини 1953 йилда бошлаган. Америка амалдорларига таҳририят сиёсати билан боғлиқ масалаларга аралашишлари тақиқланган.

XS
SM
MD
LG