Ссылки доступа

Ўзбекистонда аëлни таҳқирлаган милиция зобити ишдан бўшатилди


Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида гумонланувчи аёлни қип-яланғоч ечинишга мажбур қилган милиция ходими ҳақидаги Озодликда эълон қилинган мақолалар ортидан бу воқеа юзасидан жиноий иш очилган ва иштирокчилар кўрсатма ва сўроққа олиб кетилган.

Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлимининг исми очиқланмаслигини сўраган мулозимининг Озодликка айтишича, "Каттақўрғон милиция бўлимига олиб келинган аëллар қип-яланғоч қилиб таҳқирланди" сарлавҳали мақола эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармасининг шахсий таркиб бўйича махсус инспекцияси ва вилоят прокуратурасининг ходимлари келган.

– Туни билан Санъат Умаровни допрос қилиб чиқишди. Тонгга яқин жабрланувчи аёлни ҳам олиб келишди. Эрталаб, уларнинг бир қисми Санъат Умаровни ўзлари билан вилоятга олиб кетишди. Аёл эса шу ерда қолган ва прокуратура ҳамда махсус инспекция ходимларига кўрсатма бераяпти, деди мулозим.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 4 июль куни Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан Каттакўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақида 5 июль куни хабар берди.

Аёлнинг ҳамқишлоқларидан бири¸ бу аëл аксар ҳамқишлоқларидан ажралган ҳолда¸ ўта ночор яшашини айтади.

– Бу аёлнинг эри жигари касал бўлиб ўлган.У яшаётган уйни уй деб аташ қийин, кўрсангиз у ерга ит ҳам боғламайсиз. Уйда на дарвоза бор, на бир девор. Жуда ҳам қашшоқ яшайди. Уйи ҳам чеккада¸ дашт жойда. Бугун борсам¸ ўғилчаси билан қизи чиқди. Сўрасам, онамлар эрталаб кетганича ҳали келганлари йўқ, деди¸ дейди ночор аëлнинг таҳқирга учраб келаëтганидан хабари бор ҳамқишлоғи.

Айтилишича¸ ишсиз аëл бир марта 50 минг сўм, бир марта бир пой калиш ўғирлаганликда айбланиб¸жаримага тортилган ва мол боқиб¸ тирикчилик қилиб келган.

Маҳалла раиси¸ Каттақўрғон деҳқон бозорида 3 июнь куни бўлган ўғриликда гумонланиб¸ тезкор вакил томонидан ушланишига ҳам¸ аëлнинг муқаддам қайд этилган шу ҳаракатлари асос бўлганини билдирди.

Бу воқеага алоқадор бошқа милиция ходими тақдири ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.

Воқеа юзасидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий муносабат билдирди: "Бугунги кунда Санъат Умаров ички ишлар органларидан салбий ҳаракатлари учун бўшатилган. Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан бундай салбий ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш ва ички ишлар органлари сафларини нопок, тасодифан кириб қолган ходимлардан тозалаш мақсадида, доимий равишда кескин чоралар кўриб борилади", дейилади баёнотда.

XS
SM
MD
LG