Ссылки доступа

Суд «Бир дуйно - Кыргызстан»нинг ҳисоботларидан бирини экстремистик дея тан олди


Суд ҳуқуқни ҳимоя қилувчи «Бир дуйно - Кыргызстан» ҳаракатининг ҳисоботларидан бирини экстремистик дея тан олди.

Бу борадаги қарор Октябрь туман суди томонидан 2017 йилнинг 5 январида чиқарилган, аммо ташкилот бу ҳақда яқинда ўтказилган мониторинг вақтида хабардор бўлган, дея хабар берди ҳаракат юристи Эрик Ирискулбеков.

Унинг сўзларига қараганда, МҲДҚ материаллари асосида бош прокуратура судга мурожаат қилган, бироқ суд мажлисига ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот вакиллари таклиф қилинмаган, қарор уларнинг иштирокисиз қабул қилинган:

«Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи «Бир дуйно - Кыргызстан» ҳаракати «Мемориал» Аксилдискриминация маркази (АДМ) ташкилоти билан ҳамкорликда БМТнинг меҳнат муҳожирларини муҳофаза қилиш Қўмитасига муқобил Ҳисобот тайёрлаган. Ҳисобот Қўмита томонидан кўриб чиқилган ва Қирғизистонга Россия ва Қозоғистондаги меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида зарур чоралар кўриши тавсия қилинди. Ҳукуматимиз эса бу тавсияларга рози бўлган эди.

Бироқ шу йилнинг март ойида биз Адлия вазирлигининг экстремистик материали рўйхатини мониторинг қилдик ва экстремистик материаллар рўйхатида ҳукуқни ҳимоя қилувчи «Бир дуйно - Кыргызстан» ҳаракатининг борлигига дуч келдик. Бу ахборот бизни ҳайратда қолдирди, лол қолдик», - дейди Ирискулбеков.

Унинг таъкидлашича, улар суднинг бу қароридан бехабар бўлишган, шу сабабли суд қарори устидан шикоят қилишга улгуришмаган. Шу муносабат билан ташкилот шикоят аризасини бериш муддатлари қайта тикланишини сўраб Бишкек шаҳар судига мурожаат қилди. Бироқ, 2018 йилнинг 5 июлида ариза қаноатлантирилмаслиги борасида қарор қабул қилинди.

Бундан ташқари, Ирискулбековнинг сўзларига қараганда, суднинг ўша қарори билан «Мемориал» АДМнинг Норвегия Хельсинки қўмитаси (NorwedianHelsinki Committee) ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи «Фридом Хаус» ташкилоти билан биргаликда «Зўравонликлар хроникаси: Қирғизистон жанубида(Ўш минтақаси) 2010 йил июнь ойидаги ҳодисалар» номи остида эълон қилган ҳисоботи ҳам экстремистик дея тан олинган. Бироқ «Бир дуйно - Кыргызстан» бу ҳужжатларни тайёрлаш жараёнларида иштирок этмаган.

XS
SM
MD
LG