Ссылки доступа

Қозоғистонда президент туғилган кунига “тўғри келиб қолган” Пойтахт куни нишонланмоқда


Қозоғистонда бугун мамлакат пойтахти Остонанинг 20 йиллиги нишонланмоқда. Давлат байрами 78 ёшини қарши олаётган президент Нурсултон Назарбоевнинг туғилган кунига “тўғри келиб қолган”.

Остона президент Назарбоевнинг ташаббусига биноан мамлакатнинг бош шаҳрига айланди, пойтахт расман 1997 йилда Қозоғистон жанубий-шарқидаги Олмаотадан мамлакат марказидаги Оқмола(собиқ Целиноград)га кўчирилган. 1998 йилнинг май ойида президент фармонига кўра пойтахт номи Остона дея ўзгартирилди.

2006 йилга қадар Пойтахт куни 10 июнда нишонланган, сўнг тантанали равишда 6 июлга ўзгартирилди. 2008 йилда бу байрам давлат байрами мақоми даражасига кўтарилди, шу сабабли мамлакат бўйлаб дам олиш куни дея эълон қилинган. Куни кеча Пойтахт куни муносабати билан Қозоғистоннинг барча минтақалари Остонага ёдгорликлар, велойўлаклар, болалар боғчалари, таъмирланган парклар сифатида совғалар тақдим қилишди. Расмий маълумотларга кўра, Остона кунини нишонлаш учун 18 миллиард 800 миллион тенге сарфланади.

Мамлакат пойтахтини Назарбоевнинг “фарзанди” дейиш анъанага айланган. Нурсултон Назарбоев ҳокимиятга ҳали СССР тарқалиб кетмасданоқ келган эди. 1990 йилнинг 24 апрелида Қозоғистон ССРда президент лавозими таъсис этилди. Олий Совет бу лавозимга ўша вақтда Коммунистик партияга бошчилик қилаётган Нурсултон Назарбоевни сайлади. Шундан бери Назарбоев ғарб кузатувчилари томонидан танқид қилинадиган сайловларда кўп овоз олган ҳолда Қозоғистонга раҳбарлик қилиб келади. 2015 йилда бўлиб ўтган муддатдан аввалги президентлик сайловларида Назарбоев расман 97 фоиздан кўп овоз олишга эришди.

Назарбоевни танқид қилувчиларнинг фикрича, у томонидан ташкил этилган тузум бошқача фикрловчиларни босим остида ушлайди ва президент рақибларини йўлдан олиб ташлайди. Назарбоевнинг ўзи эса бир неча бор баёнот бериб, Қозоғистоннинг ўз демократия йўли борлигини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG