Ссылки доступа

ТР Бош прокуратураси: Мирсаидов иши унинг журналистик фаолиятига боғлиқ эмас


Хайрулло Мирсаидов
Хайрулло Мирсаидов

ҚВЗнинг “Тожикистон жамоаси” раҳбари Хайрулло Мирсаидовга нисбатан очилган жиноий иш унинг журналистик ёки сиёсий фаолияти билан боғлиқ эмас, дея баёнот берди Тожикистон бош прокуратураси. 11 июль куни Хўжанд шаҳар суди томонидан Мирсаидов 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

«Мирсаидов ҚВЗ жамоасига раҳбарлик қилган даврда ҳужжатларни сохталаштириб давлат маблағларни ўзлаштиргани, шунингдек шахсий манфаатлари йўлида оғир жиноят содир этиш мақсадида ёлғон маълумот бергани учун Хўжанд шаҳар суди томонидан жиноий жавобгарликка тортилди», дейилади 13 июль куни ТР Бош прокуратураси матбуот маркази томонидан тарқатилган хабарда.

Муассасанинг маълум қилишича, суд жараёни давомида Хайрулло Мирсаидовнинг айби «тўлалигича аниқ далиллар асосида исботланди». Бош прокуратура ОАВларни ҳукм устидан танқидлардан ўзларни тийиб туришга чақиришди, чунки бу танқидлар адолатнинг амалга оширилиши ва журналистик одобининг бузилиши сифатида қабул қилиниши мумкин.

ЕҲХТнинг матбуот эркинлиги бўйича Вакили Харлем Дезир Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб Хайрулло Мирсаидов зудлик билан озод қилинишига ва "Тожикистонда журналистлар эркинлиги таъминланиши ва жамоатчиликни қизиқтирадиган барча масалалар бўйича ёзиш ва хабар бериш бирор бир тўсиқларсиз таъминланиши”ни талаб қилди.

Хўжанд шаҳар суди 11 июль куни журналист ва маҳаллий ҚВЗ директори Хайрулло Мирсаидов устидан ҳукм чиқарди: у Жиноят Кодексининг “Давлат маблағларини ўзлаштириш ва талон-тарож қилиш”, “ҳужжатларни сохталаштириш” ва “Ёлғон маълумот тарқатиш” моддалари бўйича 12 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бундан ташқари қамоқ муддати тугаганидан сўнг Мирсаидовга икки йил муддатга жамоат ташкилотларига раҳбарлик қилиш тақиқланди.

Таниқли журналист ва ҚВЗчи Мирсаидов Сўғд вилоятининг Ёшлар ва спорт ишлари бўйича бошқармасининг собиқ бошлиғи Олим Зохидзодани коррупцияда айблаганидан сўнг 2017 йилнинг 5 декабрида ҳибсга олинган эди.

XS
SM
MD
LG