Ссылки доступа

Бишкек мэри Албек Ибраимовга ишончсизлик билдирилди


Бишкек шаҳар кенгаши депутатлари пойтахт мэри Албек Ибраимовга ишончсизлик билдиришди. Овоз бериш 13 июль куни шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида бўлиб ўтди. Ибраимовнинг истеъфоси учун сессияда иштирок этган 40 нафар депутатнинг ҳаммаси овоз берди. Шаҳар кенгашида 45 нафар депутат бор.

Албек Ибраимовга ишончсизлик масаласи бўйича овоз бериш шаҳар кенгашидаги фракциялар етакчилари томонидан илгари сурилди. Депутатлар ўзлари томонидан сайланадиган мэр учун маъсулиятни ҳис қиладилар, деди шаҳар кенгаши раиси Алмаз Кененбаев, навбатдан ташқари сессия ўтказиш заруриятига изоҳ берар экан.

«Унинг номзоди бизнинг ҚСДП фракцияси томонидан илгари сурилган эди. Шаҳардаги вазият ёмонлашиб кетмаслиги юзасидан ўз маъсулиятимизни ҳис қилган ҳолда, навбатдан ташқари сессия ўтказишга қарор қилдик. Бугунги кунда қишга, байрамларга тайёргарлик зарур, шунингдек олдимизда йўллар қуриш масаласи турибди. Бу ишларнинг ҳаммаси ёзда амалга оширилади. Ишлар бошдан ошиб турган, мэрнинг биринчи ўринбосари ҳибсда бўлган вақтда унинг таътилга чиқишини қандай тушуниш мумкин? Шаҳар раҳбари маъсулиятли инсон бўлиши керак», - деди Кененбаев.

Мэр Албек Ибраимовнинг ўзи таътилда бўлгани боис сессия ишида иштирок этмади. Шаҳар мэрининг биринчи ўринбосари Ренат Макенов айни дамда МҲДҚнинг тергов изоляторида ушлаб турилибди. Шаҳар Кенгаши сессиясида мэр вазифасини мэрнинг шаҳарсозлик масалалари бўйича ўринбосари Бақит Дюшембиев бажариб тургани маълум бўлди.

Албек Ибраимов Бишкек мэри этиб 2016 йил февралида сайланган эди.

XS
SM
MD
LG