Ссылки доступа

Афғонистонда жангарилар ҳужуми оқибатида ўнлаб ҳарбийлар ҳалок бўлди


Маъсулият “Толибон” ҳаракати зиммасига юклатилган Афғонистондаги бир қатор ҳужумлар оқибатида ўнлаб афғон ҳарбийлари ҳалок бўлди. Ҳужумлар бир вақтнинг ўзида мамлакат шимолий қисмидаги Қундуз вилоятида бўлиб ўтди.

«Биз талофатлар кўрдик. “Толибон” ҳам талофат кўрди», — деди 12 июль куни France-Presse ахборот агентлигига Афғонистон мудофаа вазирлигининг матбуот котиби Моҳаммад Радманиш. У ўз сўзига қўшимча қилар экан, толибларга қарши ҳаво ва ерда амалиёт олиб борилаётганини айтди.

Мансабдорларнинг баёнотига қараганда, бир вақтнинг ўзида Дашти Арча туманидаги армия базалари ва постларига уюштирилган ҳужумлар вақтида жангарилар тунги кўриш жиҳозларидан фойдаланган ва артиллериядан ҳужум уюштирган.

«Бизда тунги кўриш [жиҳозлари] бўлмагани боис, толиблар аскарлар олдига яқин келиши мумкин», — деган Афғонистон армияси қўмондонларидан бирининг сўзларидан France-Presse иқтибос келтиради.

Толиблар “Хамви” автомобилларидан, қурол ва махсус жиҳозлардан, жумладан Америкада ишлаб чиқарилган тунги кўриш жиҳозларидан қонунга зид равишда фойдаланган ҳолда Афғонистон ҳарбий иншоатларига қарши ўзларининг кураш имкониятларини кучайтиришмоқда.

Бу ҳужумлар натижасида ҳалок бўлганларнинг аниқ рақамлари ҳақида маълумот йўқ. Бироқ Associated Press ва France-Presse ахборот агентликлари ўзларининг манбаларига таянган ҳолда хавфсизлик хизматининг камида 30–40 ходими ўлдирилганини ва кўплаб ярадорлар борлигини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG