Ссылки доступа

Ўзбекистонда атом энергиясини ривожлантириш мақсадида “Ўзатом” агентлиги ташкил этилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 19 июлдаги фармонига кўра, мамлакатда атом энергиясини ривожлантириш мақсадида вазирлар маҳкамаси ҳузурида “Ўзатом” агентлиги ташкил этилди.

Ҳужжатда таъкидланишича, мамлакатда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга ва янгиларини ташкил этишга қаратилган фаол инвестиция сиёсати, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар йилдан-йилга эҳтиёж ортиб бораётган энергия ресурсларини ишончли манбалар билан таъминлашни талаб қилмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирги вақтда республика иқтисодиёти ва аҳолисининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжи энергиянинг қайта тикланмайдиган манбаларидан, жумладан, ресурслари чекланган углеводород хом ашёларидан устун даражада фойдаланиш ҳисобига қопланмоқда. Ваҳоланки, мамлакатда уран хом ашёсининг улкан захираси бўла туриб, амалда атом энергетикаси салоҳияти ишга солинмаган, дейилади фармонда.

“Ўзбекистон24” телеканали «Ахборот 24» дастурининг маълум қилишича, мамлакатдаги электроэнергиянинг 70% газ ҳисобидан, 14% – ГЭСлар, 13% – кўмир, 3% – нефт ҳисобидан ишлаб чиқарилади. Прогнозларга кўра2030 йилга бориб қурилиши режалаштирилаётган атом электростанцияси ҳисобига ишлаб чиқариладиган электр энергиянинг 15% фоизи, газ ҳисобига эса – 54% тўғри келади.

Маҳаллий ОАВнинг хабарига кўра «Ўзатом» раҳбари этиб шу кунга қадар хукуматнинг ёқилғи-энергетика комплекси ахборот-таҳлилий департаменти мудири бўлиб ишлаб келган, 1979 йилда туғилган Жўрабек Мирзамаҳмудов тайинланган.

“Ўзатом” агентлиги ҳузурида Илмий-техник ва эксперт кенгаши ташкил этилди. Фармонга кўра, Вазирлар Маҳкамасига 2018 йил 1 октябрга қадар муддатда “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини, 2018 йил 20 декабрга қадар – 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси лойиҳасни ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.

«Росатом» давлат корпорпацияси билан эришлган Келишувга кўра Ўзбекистонда 2028 йилга бориб атом электростанцияси қурилиши режалаштирилган. Комплекс ҳар бирининг қуввати 1200 мегаватт бўлган иккита энергоблокдан иборат бўлади.

XS
SM
MD
LG