Ссылки доступа

ИД велосаёҳатчиларга ҳужум қилган тожикларнинг қасамёди ҳақидаги видеони эълон қилди


Бу ҳақда гуруҳ баёнотини эълон қилган исломчилар билан боғлиқ Амак ахборот агентлиги маълум қилди. Ҳужум қилганлар "ИД аскарлари бўлган ва улар коалицияга кирган давлатлар фуқароларини нишон сифатида танлаш борасидаги чақириққа амал қилдилар", дейилади гуруҳ баёнотида.

20 июль якшанба куни юз берган ҳодиса оқибатида мамлакат бўйлаб саёҳатга чиққан 4 нафар хорижлик велосаёҳатчи ҳалок бўлди, яна уч нафари жароҳат олди. Қурбонларнинг икки нафари АҚШ фуқароси, бир нафари Швейцария ва яна бир нафари Нидерландия фуқароларидир.

ИД гуруҳининг ташвиқот каналларидан бири бўлмиш “Амак” веб-сайти 31 июль куни ўз сайтига Данғарада хорижлик сайёҳларни ўлдирганликда гумон қилинаётган тўрт нафар ўсмирнинг ИД раҳбари Абу Бакр ал Боғдодийга содиқлик борасида қабул қилаётган қасамёдини жойлаштирди. Қасамёд қабул қилаётганлар Нурек сув омбори соҳилларида ИДнинг қора байроғ осилган дарахт остида ўтиришибди.

Мазкур видеолавҳада рус тилида Ҳусайн Абдусамадов гапираётгани акс этган, ҳукуматнинг маълум қилишича, у террор акти содир этилганидан кейинроқ қўлга олинган. Видеода махсус амалиёт вақтида таслим бўлишдан воз кечиб қаршилик қилгани учун йўқ қилинган Жафариддин Юсупов ва Сафаров Зафарни таниб олиш мумкин. Видео эълон қилинишидан аввал ИД қуролсиз одамларга қилинган ҳужумни ташкиллаштиришни ўз зиммасига олган эди.

Тожикистон Бош прокуратураси хорижлик сайёҳларга уюштирилган ҳужум муносабати билан терроризм ва қотиллик бўйича жиноий иш очганини маълум қилди. Прокуратуранинг баёнот беришича, ҳужум қилганлар олти нафар бўлган, улар автомашинада велосипедчиларни туртиб юборганларидан кейин машинадан чиқишган ва тирик одамларга пичоқ ва болталар билан ҳужум қилишган.

Бундан аввал ИИВ ҳужум қилганларнинг тўрт нафари ўлдирилгани, яна тўрт нафари қўлга олинганини маълум қилган эди. ИИВ маълумотига кўра, мазкур жиноятнинг буюртмачиси Тожикистонда фаолияти тақиқланган Ислом уйғониш партиясининг фаол аъзоси бўлган. Прокуратура ҳам ҳужум ТИУП фаоли Қори Носир буюруғига биноан содир этилганини ва мақсад Тожикистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилганлигини маълум қилди.

ИИВ хабарига жавобан ТИУП ваколатхонаси ИИВнинг айблови асосга эга эмаслигини ва сиёсийлаштирилганини, ҳужум эса “маъносиз” эканлиги борасида баёнот берди.

XS
SM
MD
LG