Ссылки доступа

Ўзбекистондаги бозорда сазойи билан боғлиқ яна бир ҳодиса қайд қилинди (видео)


Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидаги бозорда сотувчилар ўғирликда ушланган йигитни сазойи қилишди. Сотувчилар йигитни қўлидан боғлаб бозорга киришдаги дарвозага осиб қўйишди.

Сазойи борасидаги видео 2 август куни Kun.uz. сайтида эълон қилинди.

Интернет нашрнинг хабарига кўра, даҳшатли ҳодиса Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидаги «Шоббоз» бозорида юз берган. Бозор сотувчилари ўғирликда гумон қилинган ёш йигитни ушлашган ва уни сазойи қилишга қарор қилишган. Улар “ўғри”ни қўлини боғлаб бозор дарвозасига осиб қўйишган, дейилади хабарда.

Видео эълон қилингандан бир неча соат ўтиб Ўзбекистон ИИВ юз берган ҳодиса юзасидан изоҳ берди. Хабарларга кўра, маҳаллий бозорда 1 август куни У. А. томонидан “самосуд” уюштирилган. У Д. Н. исмли йигитни ўғирликда айблаган ва ўз билганича уни жазолашга қарор қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро У.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229-моддаси («Ўзбошимчалик») билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Фуқаро Д.Н.нинг ўғрилик жиноятини содир этган ёки этмаганлиги юзасидан терговда аниқлик киритилади ва бу ҳақда тергов якунига кўра қўшимча ахборот берилади», дейилади ИИВ матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, бу каби сазойи ҳодисаси Ўзбекистон бозорларида биринчи марта содир бўлмаяпти. Ўтган йилнинг октябрь ойида «Озодлик» таҳририятига Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги бозорда сотувчилар ўғирликда гумон қилинган қиз устидан “самосуд” уюштирган эди. Уч дақиқалик видеоёзувда саккиз нафар аёл ўсмир қизни ҳақоратлаши, ечинтириши ва калтаклаётгани акс этган.

XS
SM
MD
LG