Ссылки доступа

Ашхободда пенсия тўловлари кечиктирилмоқда


Ашхободдаги пенсионерларга пенсиялар кечикиб берилмоқда, сабаблари эса айтилмаяпти. Бу ҳақда “Озодлик” радиосига Туркманистон пойтахтидаги манба маълум қилди.

Пенсияларнинг кечикиб берилаётгани бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик маошлари кечикаётгани, мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари ва асосий эҳтиёж маҳсулотлари нархининг бирданига кўтарилгани борасида тарқатилаётган хабарлар фонида кузатилмоқда.

"Бу каби ҳолат авваллари кузатилмаган эди. Пенсияларни олиш қанчалик мураккаб эканлигини кўрмоқчи бўлсангиз Фарвонликнинг 10 йиллиги кўчасида жойлашган "Сенагат банк" бўлимининг олдидан ўтсангиз бўлди", - дейди “Озодлик” суҳбатдоши. Унинг сўзларига қараганда, навбатда турган одамларнинг ҳаммаси ўз ҳисобларига ҳамон пул тушмаётганининг сабабини аниқлаштиришмоқда. Бу бўлим пенсия ва нафақа оладиган 5 мингга яқин кишига хизмат кўрсатади.

Шу билан бирга Туркманистон пойтахтида ҳаво ҳарорати 50 даражагача исиб кетди. Кўпчилик оммавий жойларда ўзини ёмон ҳис қилмоқда.

Бугунги кунда Туркманистондаги барча пенсионерлар пенсияларни пластик картлар орақали олади. Баҳорда нақд пенсия олувчи фуқароларнинг ёш категорияси қисқартирилди. 1 июль куни кучга кирган қоидага кўра, 70 ёшга тўлмаган фуқароларга пенсиялар банк карталарига ўтказилади.

Пенсия таъминоти борасидаги қоидага кўра, тўловлар ҳар ойнинг 1-санасидан 22-санасигача берилиши керак. Бироқ, кўплаб пенсионерлар июнь ойи учун пенсияларни июль ойи ўрталарига келибгина олишди. Пенсионерларнинг сўзларига қараганда, банк ходимлари ўз вақтида пенсия тўланмаслиги борасидаги берилган саволларга бир неча кун кутиб туришлари борасида маслаҳат беришади.

XS
SM
MD
LG