Ссылки доступа

Ўзбекистонда қўл остидаги ходим пичоқлаган МИБ бошлиғи вафот этди


Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туман Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Баҳром Жўраев 2 август куни касалхонада вафот этди. МИБ бошлиғи бундан 3 ой муқаддам олган жароҳатларидан ҳалок бўлган.

Яккабоғ туман Мажбурий ижро бюроси ходимларидан бирининг хабар беришича, унинг собиқ бошлиғи Баҳром Жўраев Тошкентдаги касалхоналардан бирида 2 август куни вафот этган.

– Бизнинг ҳамкасбимиз Шавкат Ибратовни бошлиқ ишдан бўшатганидан кейин, у ичиб келиб Баҳром акани иш кабинетида тўрт жойига пичоқ санчган эди. Баҳром ака аввал Яккабоғда операция қилинди, кейин Қаршидаги касалхонага олиб кетишди. У ердан Тошкентга олиб боришган экан, барибир бўлмади шекилли, 2 август куни оламдан ўтибди, деди МИБ ходими.

– Ошқозон жароҳат олган, жигар, ошқозон ости бези, томирлари кесилиб кетган, кўп қон йўқотган эди. Бизда операция қилинди, уч-тўрт кун реанимацияда ётганидан сўнг, яқинлари Қаршига олиб кетишди. У ерда ҳам бўлмаган шекилли, Тошкентга олиб боришган экан. Менга ҳам бугун айтишди, кеча оламдан ўтди, деб, - деди туман врачлардан бири.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Баҳром Жўраевни 3 май куни ишдан бўшатилган ходими Шавкат Ибратов пичоқлади. Гуквоҳларнинг айтишича, ишдан ноқонуний бўшатилганини иддао қилган собиқ ходим бошлиғига тўрт марта пичоқ санчган.

Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси ходимининг айтишича, Баҳром Жўраевга оғир тан жароҳати етказган Шавкат Ибратовга нисбатан жиноят иши очилган.

XS
SM
MD
LG