Ссылки доступа

БМТ “Озодлик» мухбири Огулсапар Мурадованинг ўлимида Туркманистонни айбдор дея тан олди


Огулсапар Мурадова

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитаси Огулсапар Мурадованинг қийноққа солиниши ва ўлимида Туркманистонни айбдор деб топди, дея хабар беради Очиқ Жамият Фонди.

«Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ оғир вазиятни кескин танқид қилган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитаси бу мамлакат ҳукуматини журналист ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳаракатининг фаоли 2006 йил сентябрида адолатсиз суд жараёнидан сўнг қамоқда ўлган Огулсапар Мурадованинг ҳибсда қийноққа солиниши ва ўлимида айбдор деб билади», дейилади 2 август куни ташкилот сайтида эълон қилинган хабарда.

Мурадова июнь ойи ўрталарида ҳибсга олинган, сўнг ҳибсда ушлаб турилган ва номаълум сабабларга кўра ҳибсда вафот этган эди. Муродованинг ўлими вақти ва вазияти аниқ эмас. Шунингдек унинг қайси қамоқхонада ушлаб турилгани ҳам номаълум.

2006 йил 14 сентябрь куни хавфсизлик хизмати ходимлари Муродованинг оиласига унинг вафоти ҳақида маълум қилдилар ва марҳумни шахсини аниқлаштириш мақсадида уларни ўликхонага олиб боришди. Ўшанда Туркманистон Хельсинки фонди Муродованинг фарзандларига таянган ҳолда «оналарининг бош қисмида «катта жароҳат» борлиги ҳақида маълум қилган эди. «[Қариндошлар] мустақил шифокор жасадни кўришга қўйилиши борасида талаб қилганларидан сўнг, морг ходимлари уларга таҳдид қила бошлади», - дея хабар берди ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитасига журналистнинг укаси Аннадурди Хаджиев номидан очиқ жамият Ҳуқуқий ташаббус юристлари ариза беришди.

58 ёшли Огулсапар Мурадова, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи «Туркменский Хельсинкский фонд» («Туркманистон Хельсинки фонди») мустақил ташкилоти ҳаммуассиси ва Озод Европа/Озодлик радиоси туркман хизматининг мухбири бўлиб, июнь ойи ўрталарида укаси Сапардурди Хаджиев ва фаол Аннақурбан Аманкличев билан ҳибсга олинган эди.

«[Мурадова] ўзига қўйилган айбларни инкор қилган ва раислик қилувчи бундан унга нисбатан оғир ҳукм чиқаришда фойдаланган», - дея «Озодлик»ка хабар берди Туркман Хельсинки фонди раиси Тажигул Бегмедова 2006 йил август ойида бўлиб ўтган суд жараёнидан кейин. Унинг сўзларига қараганда, Мурадовага қурол сақлаш айби қўйилди.

XS
SM
MD
LG