Ссылки доступа

Тожикистонда терроризм ташвиқоти учун жазо кучайтирилди


Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Интернетда терроризмга очиқчасига чақириқ ва ижтимоий тармоқларда террорчилик фаолиятини очиқчасига оқлаш учун жазони кучайтиришга қаратилган мамлакат Жиноят Кодексига киритилган тузатишлар борасидаги лойиҳани имзолади.

Бу ҳақда 4 август куни давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилди.

Тожикистон қонунчилигида «террор фаолиятини оқлаш» дейилганда террор актларини очиқчасига қўллаб-қувватлаш ва бу ғояни тўғри дея тан олиш тушунилади. Жиноят Кодексининг янги таҳрири эълон қилинганидан сўнг очиқчасига террор фаолиятига даъват қилиш ва терроризмни очиқчасига оқлаш учун 10 йилдан 15 йилгача бўлган муддатгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган.

Жиноят Кодексига тузатиш киритиш лойиҳаси Тожикистон парламентининг қуйи палатаси депутатлари томонидан 13 июнь куни қўллаб-қувватланди, асосий ўзгартишлар 179-моддага қаратилди.

Тузатиш борасидаги лойиҳа тақдим қилинганида депутат Бахтовар Сафаров баёнот бериб, ҳуқуқ тартибот идораларнинг амалиёти айрим ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар фойдаланувчилар учун терроризм тарғиботи ва террор фаолияти майдонига айланиб қолганини кўрсатганини айтди.

Тожикистон расмийларининг маълумотига кўра, кўплаб тожикистонликлар ижтимоий тармоқлар орқали ёлланиб, Яқин Шарққа йўл олмоқда ва экстремистлар, жумладан «Ислом Давлати» сафларига қўшилмоқда.

Эмомали Раҳмон Тожикистон жанубида хорижлик велосайёҳлар бир гуруҳ ёшлар томонидан ўлдирилганидан беш кун ўтиб Жиноят кодексининг янги таҳририни имзолади. Бу жиноят теракт дея тан олинди, маъсулиятни ИД ўз зиммасига олди.

XS
SM
MD
LG