Ссылки доступа

Тожикистонда мобил оператори жарима санкциялари бўйича судда мағлуб бўлди


Тожикистон Олий иқтисодий суди «Билайн» мобил оператор компанияси ва Солиқ Қўмитаси ўртасидаги баҳсни Солиқ қўмитаси фойдасига ҳал қилди.

Солиқ муассасининг жаримасини адолатсиз дея ҳисобланган мобил оператори даъво аризаси билан судга мурожаат қилган ва бу иш судда йил бошидан бери кўриб чиқилаётган эди.

Олий Иқтисодий суддаги манбанинг 6 август куни маълум қилишича, Солиқ қўмитаси “Билайн-Тожикистон” бренди остида ишловчи “Таком” компаниясини текширганида солиқ тўловларидан бўйин товлаганини аниқлади ва 51 млн 144 минг сомони (5,5 млн долларга яқин) миқдорида жаримага тортди. Бироқ «Билайн» компанияси бу қарорни бекор қилинишини сўраб, даъво аризаси билан Душанбе шаҳридаги Иқтисодий судга мурожаат қилди. Суд даъво аризасини қабул қилмагани боис, компания Олий Иқтисодий судга мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Манбанинг айтишича, ОИС биринчи инстанция суд қарорини қўллаб-қувватлади ва Солиқ қўмитаси фойдасига ҳукм чиқарди. Унинг таъкидлашича, баҳс ҳар томонлама кўриб чиқилди ва тақдим қилинган далиллар асосида ҳукм чиқарилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг январь ойи охирларида Тожикистон ҳукумати қошидаги Солиқ қўмитаси раиси Нусратулло Давлатзода баёнот бериб, солиқчилар яширилган солиқларни фош қилганини айтган эди. Жумладан, Тожикистонга «Мегафон»нинг шўъба корхонаси бўлмиш МЛТ (Тожикистон Мобил линияси) $19,5 млн, «Таком» эса – $18,9 млн қарздор бўлиб қолган.

Бундан аввал «Билайн» Солиқ қўмитасининг “тўланмаган солиқлар” борасидаги талабларини судда муҳокама қилишга уринган эди. Масалан, 2016 йилда солиқ текшируви вақтида «Билайн» компанияси - 151,3 млн сомони ва «Мегафон» 155 млн сомони миқдорда солиққа тортилган эди. Ҳар икки компания солиқчиларнинг эътирози устидан баҳслашишга ҳаракат қилди, бироқ уларнинг саъй ҳаракатлари муваффақиятсизлик билан якунланди.

2016 йил якунлари бўйича «Билайн» компанияси баёнот бериб, 73 млн доллар миқдорида солиқ тўлаганини, умумий даромад 68 млн доллар бўлганини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG