Ссылки доступа

Қозоғистонда суд қамоқхонадаги зўравонлик иши бўйича ҳукм чиқарди


Қарағанда вилоятидаги колонияда қийноқлар оқибатида бир кишининг ўлими юзасидан айбланганлар қамоқ жазосига ҳукм қилинди, дея хабар беради маҳаллий ахборот агентликлари судга таяниб.

Шахтинск шаҳар суди қарорига кўра АК-159/6 колонияси бошлиғининг ёрдамчиси Баурбек Шотаев ва АК-159/7 колониясининг оператив бўлимининг тезкор вакили Виталий Зарецкий Жиноят кодексининг 28- моддаси 3-қисми (жиноят ташкилотчиларини тан олиш) ва 146-моддаси 3-қисми (жабрдийдага оғир тан жароҳати етказиш мақсадида атайлаб жисмоний ва (ёки) руҳий таъсир ўтказиш ёки эҳтиётсизлик туфайли унинг ўлимига сабаб бўлиш) бўйича айбдор деб топилдилар ва ҳар бири етти йил муддатга қамоқ жазосига хукм қилинди. Улар жазони ўрта хавфсизлик муассасида ўтайди.

2017 йилнинг 11 март куни оператив бўлим ходими Виталий Зарецкий колония қошида фаолият юритувчи мактабнинг ўқитувчисини калтаклаган маҳбус Валерий Чупинни бошқа отрядга ўтказиш борасида топшириқ берган, аммо тергов версиясига кўра, у ортяд бошлиғига Чупинни “жазолаш” борасида кўрсатма берган. Иш материалларига кўра, 2017 йилнинг 11 март куни бир неча маҳбус Валерий Чупинни калтаклашади, унинг баданига ток юборишади. Жароҳат олган Чупин маҳаллий шифохонага олиб борилади. Эртаси куни шифокорлар унинг ўлими “тана жароҳат олгани ва организм заҳарланиши туфайли юз берганини” қайд қилишди.

Отряд каттаси Тимур Кирбаев соғлиққа оғир зарар етказишга олиб келган жисмоний ва руҳий зарар етказишда айбдор деб топилди ва 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Қолган беш нафар махбус — Евгений Флотский, Дмитрий Крушинский, Николай Тюков, Максим Коваль ва Қуанишбек Жарасбаев шу модда бўйича айбдор деб топилди ва уларнинг ҳар бири саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиндилар.

XS
SM
MD
LG