Ссылки доступа

Тожикистон ва Ўзбекистонни Душанбе-Бухоро авиайўналиши боғлади


6 август куни «Сомон Эйр» авиакомпанияси Душанбе-Бухоро йўналиши бўйича биринчи рейсни амалга оширди. Бу Тожикистон ва Ўзбекистонни боғлаб турган учинчи авиайўналишдир.

Йўловчиларнинг сўзларига қараганда, Душанбе-Бухоро авиачиптасининг нархи 485 сомоний ёки ҳозирги курс бўйича 51 долларни ташкил қилади ва Душанбе-Самарқанд рейсига авиабилетга қараганда, бир озқимматроқ – бу йўналиш “Тожик Эйр” авиакомпанияси томонидан бир чипта учун 300 сомоний ёки 33 долларга амалга оширилади.

Тожикистон авиация ҳукуматининг маълумотларига қараганда, яқин орада Ўзбекистон шаҳарлари билан ҳаво қатнови кенгаяди ва Бўхтар ҳамда Кўлоб аэропортларидан қўшни мамлакат шаҳарларига учиб кетиш мумкин бўлади.

35 ёшли бухоролик аёл Дилфуза Ҳикматова –биринчи рейс йўловчиларидан бири. Унинг сўзларига қараганда, у икки ҳафта олдин Душанбега отасини кўришга келган. Уч нафар вояга етмаган болалари билан машинада келган, самолётда ортга қайтишаяпти. «Машинада саёҳат қилиш мураккаброқ, албатта. Чегара постида анча вақт қуёш тиғида туришга тўғри келади, кейин бошқа машинага ўтиб ўтириш керак. Самолётда эса 45 дақиқдан сўнг Бухорода бўласан. Кичик болалар учун чегирмаларни ҳисобга олса, самолётда учиш аслида нархи бўйича машинада саёҳат қилишдан фарқ қилмайди», - деб фикр билдиради Дилфуза Ҳикматова.

Аввалроқ, 28 июль куни «Тожик Эйр» авиакомпанияси Душанбе-Самарқанд йўналиши бўйича дастлабки парвозни амалга оширган эди. Чипта нархи – 300 сомоний. Бунгача “Сомон Эйр” авиакомпанияси ҳар бир чипта учун 680 сомонийдан Душанбедан Тошкентга парвозларни бошлаганди.

“Сомон Эйр” компанияси директорининг биринчи ўринбосари Субҳон Жўраев, Ўзбекистонга рейсларда йўловчилар оқимининг кўпайиши чипта нархининг пасайишига таъсир қилиши лозимлигини айтди. Унинг сўзларига қараганда, бу шу йўналишдаги биринчи парвозлар бўлиб, улар фойда олиш учун эмас, сиёсий мақсадларда амалга оширилмоқда ва аҳолининг ижтимоий талабларини қондираётгани қувонарлидир.

Ўзбекистон ва Тожикистон шаҳарлари ўртасидаги автобус қатнови ва мунтазам авиарейслар 1992 йилда, Тожикистонда фуқаролар уруши бошланганда, тўхтатилган эди. Ўтган йил апрель ойидан бошлаб, Душанбе ва Тошкент ўртасида 25 йиллик танаффусдан сўнг ҳаво қатнови очилди.

XS
SM
MD
LG