Ссылки доступа

ИИВ ППХ бош бошқармаси бошлиғини ўлдирган шахс ўз жонига қасд қилди


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Пост-патруль хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Акрамовнинг қотили ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда вазирликнинг юқори мулозимларидан бири ва Дилшод Акрамовнинг яқинларидан бири исми сир қолиш шарти билан маълум қилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Пост-патруль хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Акрамов ўз хизмат хонасида 4 август куни ўлдириб кетилган.

ИИВ юқори мулозимининг айтишича, Дилшод Акрамовнинг қотили ҳодисадан кўп ўтмай "тезкор амалиёт натижасида" қўлга олинган. Мулозимга кўра, Пост-патруль хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи "ўз ходими томонидан чавақланган". Ички ишлар вазирлиги мулозимининг айтишича, қотилликка ўлган ва ўлдирган ўртасидаги "шахсий можаро" сабаб бўлган.

Ўзини "Дилшод Акрамовнинг қариндоши", деб таништирган шахснинг маълум қилишича, марҳумнинг "шогирди" бўлган пост-патруль ходими унинг иш кабинетига кириб, аввал юзига "кислота сепган, сўнгра танасининг турли нуқталарига пичоқ билан бир неча марта зарба берган".

"Дилшод Акрамовнинг қариндоши" ҳужумчининг ўзи ҳам орада жароҳат олганини айтди. "Дилшод ака ўзини ҳимоя қилиш учун унга ташланган, уям пичоқ еган 2-3 жойидан. Қочаётганда охрана ушлаган. Больницага олиб боришган униям. Ўша ерда ўзини деразадан ташлабди", деди суҳбатдош.

Подполковник Дилшод Акрамов бир ой муқаддам Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

XS
SM
MD
LG